Аввал почта жўнатмалари энг чекка ҳудудда яшовчи аҳолига 6-8 кунда борган, энди эса 1-2 кун ичида етказиб берилмоқда.
Энг қадимий алоқа воситаси ҳисобланган почта йўналишида кейинги пайт қатор муаммолар кўзга ташланиб қолган эди. Айни масалаларни ҳал қилиш, мавжуд камчиликларни тузатиш, соҳани бугунги кун талаби даражасига кўтариш мақсадида 2020 йил 14 декабрда Президентимизнинг “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Почта алоқаси хизмати ва логистикасини ривожлантириш бўлими бошлиғи Мирза Матёқубов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
- 2021 йил “Ўзбекистон почтаси” АЖ фаолиятини трансформация қилиш, моддий-техник базасини такомиллаштириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Иш фаолиятини “рақамлаштириш”, шунингдек, почта ва курьерлик хизмати кўламини кенгайтириш, электрон тижорат, банк ва давлат хизмати кўрсатишни жорий этиш бўйича “Ўзбекистон почтаси”нинг мавжуд ахборот тизими янгиланди.
Қабул қилиш ва пул ўтказмаси бўйича автоматлаштирилган тизим янгиланиб, “АВВАЛ” бренди остида ишга туширилди. Лойиҳанинг мобил иловаси яратилди. Ҳозир мазкур тизим орқали 60 турдан зиёд тўлов қабул қилиняпти. Почтачилар мингта мобил қурилма билан таъминланди. Энди улар ўз ҳудудида аҳолига онлайн хизмат кўрсатиши, яъни одамлар тўловни уйидан чиқмасдан онлайн амалга ошириши мумкин.
Бундан ташқари анъанавий почта хизматини такомиллаштириш, соҳани рақамлаштириш, жўнатмани қабул қилиш, саралаш, онлайн режимда кузатиб бориш ва етказиш жараёнига ахборот технологиялари ва тизимларини жорий этиш мақсадида “Почта хизмати кўрсатиш жараёнини автоматлаштириш тизими” ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.
Чекка ҳудудларда яшовчи аҳолининг банк хизматидан фойдаланишида қўшимча қулайлик яратиш мақсадида ҳудудлардаги 750 дан ортиқ почта алоқаси объектида банк хизмати, жумладан, банк картасини маблағ билан тўлдириш, пулни нақдлаштириш хизмати йўлга қўйилди.
Алоҳида таъкидлаш ўринли, бугун республикамизнинг чекка ҳудудларида яшовчи аҳоли учун 930 га яқин почта-алоқа объектида 30 турдан ортиқ давлат хизмати кўрсатилмоқда. Оддий тилда айтганда, энди юртдошларимиз давлат ёки банк хизматидан фойдаланиш учун туман марказига бориши шарт эмас, ўзларига энг яқин почта бўлимига киришса кифоя.
“Гибрид почта” тизими такомиллаштирилиб, Ягона миллий тизим жорий этилди. Гибрид почта хизматининг афзаллиги шундаки, ташкилот ва муассасалар почта жўнатмасини хатжилдга солиш, конверт устига марка ёпиштириш, олувчининг манзилини ёзиш ва почтага олиб бориб бериш каби юмушлардан халос бўлди. Энди давлат идоралари масъул вакили иш жойида туриб хатни электрон шаклда юборади. Олувчининг манзилига хизмат кўрсатадиган туман ёки шаҳардаги почта алоқаси боғламаси мактубни қоғоз кўринишида чоп этиб, манзилга етказади. Табиийки, бунда вақт сезиларли даражада тежалади.
Бугунги кунда юздан ортиқ давлат органи ушбу хизматдан фойдаланмоқда. Гибрид почта жўнатмаси миқдори 2020 йилга нисбатан 2021 йилда 2 баробар кўпайиб, 3.9 миллион донани ташкил этди.
Почта алмашинувини амалга оширишда фойдаланиладиган автомобиль-транспорт парки янгиланди. Бунинг учун 110 донадан кўпроқ катта ва кичик ҳажмли юк ташувчи автотранспорт воситаси харид қилинди. Натижада магистрал ва вилоят ички почта алмашинуви сони ортди.
Почта алоқаси хизматидан контактсиз ва кун-тун фойдаланиш имконини берадиган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи автоматлаштирилган почтамат хизмати йўлга қўйилди. Бундай ускуналар аҳоли гавжум жойлар - йирик савдо марказлари, олий ўқув юртлари ва почта алоқаси объектларига ўрнатилган.
Эндиликда фуқаро, хоҳишига кўра, почтани адресат уйига юбормасдан, почтамат манзили бўйича жўнатиши ҳам мумкин. Бунда жўнатманинг хавфсизлиги таъминланади. Олувчи почтани ўзи истаган вақт почтаматдан қабул қилади. Бошқача айтганда, почта алоқаси хизматидан контаксиз фойдаланиш имкони ҳам яратилди.
Барча почта алоқаси объектлари замонавий компьютер техникаси билан таъминланди. Аҳолига қулайлик яратиш ҳамда хизмат сифатини янада яхшилаш учун 3 та туман почта алоқаси боғламаси ва 54 та почта алоқаси бўлими фаолияти қайта йўлга қўйилди.
Бундан ташқари ҳар бир вилоятдан 3 тадан - жами 42 та туман намуна сифатида танлаб олиниб, шу ҳудудларда почта алоқаси тизимини ривожлантириш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича иш олиб борилди. Хусусан, хизмат нуқталарини одамларга яқинлаштириш мақсадида ташкил этилган 14 та мобил алоқа бўлими ходимлари энди аҳолининг яшаш манзилига, хонадонларга бориб, ўша жойнинг ўзида почта алоқаси хизматини кўрсатмоқда.
Муҳими, “Ўзбекистон почтаси” АЖ фаолиятини янада такомиллаштириш, соҳада ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, хизмат сифатини яхшилаш ва янги хизмат турларини жорий этиш бўйича тизимли ишлар мунтазам давом эттирилади. Қишлоқларда жойлашган почта бўлимлари фаолияти самарадорлигини ошириш, чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли учун давлат, банк ва бошқа хизматлар кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилади. Почта ва курьерлик хизмати сифати яхшиланади,хизмат турлари кўпайтирилади. Электрон тижорат тизимини ривожлантириш учун зарур бўладиган логистик инфраструктура такомиллаштирилади.
Гўзал Сатторова ёзиб олди,
ЎзА