Сўнгги вақтларда Тошкент ҳавоси таркибида ПМ2.5 дисперс заррачалари меъёридан бир неча ўн баробар кўпайгани айтилмоқда. Атмосфера ҳавосининг бундай ифлосланиши инсон организмига салбий таъсир кўрсатади.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, атмосфера ҳавосидаги муаллақ заррачалар – РМ2,5 заррачалар нафас йўлидан ўтувчи заррачалар бўлиб, улар ҳужайра мембраналарига кириб бориш қобилиятига эга. Газ алмашинуви содир бўладиган альвеолалар ва ўпка капиллярларига, тизимли қон оқимига, турли органларга кириб, тўқималарнинг ҳужайраларига бевосита маҳаллий таъсир кўрсатади.
Бундан ташқари, уларнинг органлар ва тўқималарда сурункали тўпланиши хавфи мавжуд. Унинг узоқ муддатли таъсири натижасида аллергия касалликлари ривожланади ва инсоннинг умр кўриш давомийлиги пасаяди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси матбуот хизмати ПМ2.5 дисперс заррачаларидан ҳимояланиш учун хона ёки иншоотларнинг пол ва токчалари, улар ичидаги буюм ҳамда ашёларни нам латта билан тозалаб туриш кераклигини эслатмоқда. Боиси, уй ёки бино ичига, атрофига сув солинган идишлар қўйиш чанг даражасини пасайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, хонага нам сочиқларни осиб қўйиш мумкин.
Деразаларни ёпиқ ҳолда сақлаш, айниқса, кечаси ва эрта тонгда эшик ва ойналарни зичлаб ёпиш зарур.
Кўпроқ сув ичиш, очиқ ҳавода ҳаракат қилишни чеклаш, тез-тез душ қабул қилиш тавсия этилмоқда. Айниқса, ташқаридан уйга киргач, бу жараён нафас олишни енгиллаштиради.
Албатта, оғиз ва бурун бўшлиғини тузли эритма билан ювиб ташлаш, нафас олиш тизими касалликларига чалинганлар тиббий ниқобдан фойдаланишлари ва уларни ҳар 2 соатда алмаштиришлари зарур.
Кўзларни ювиш лозим. Линзадан фойдаланувчилар учун бу жуда муҳим.
М.Қосимова, ЎзА