Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пластик рақамингизни берсангиз...
10:36 / 2022-09-15

Кундалик ҳаётимизда ижтимоий тармоқлардан фойдаланар эканмиз, доим турли ахборот ва эълонлар, тарғиботга ўхшаган хабарларга кўзимиз тушади. Улар орасида асл мақсади силлиққина қилиб ўралган, аслида хавфли бўлган маълумотлар ҳам борки, уларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш зарур. Масалан, банк пластик карта рақами, шахсий маълумот ва кодларни турли йўллар билан олиш ҳолатлари урчиб бораётгани сир эмас.

Бугун рақамли маълумотлар хавфсизлиги билан боғлиқ хавфлар ортиб бормоқда. Давлат ва жамият манфаатлари ҳамда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқларига таҳдид солиш каби муаммолар, кибертаҳдидлар юзага келмоқда. Турли акция ва ўйинлар воситасида инсонларнинг банк пластик карта рақамлари қўлга киритилиб, ҳисобидаги пуллар осонгина ечиб олиняпти.  

Бу борада ички ишлар органлари, банк-молия тизими вакиллари томонидан аҳоли ўртасида кузатилиши эҳтимоли бўлган кибертаҳдидлар ва заифликлар, зарарли ҳавола ва дастурлар хавфи, шахсий маълумотларни ошкор қилмаслик, хизмат фаолияти билан боғлиқ маълумотлар билан ишлашда ахборот хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш ва маълумотлар базаларининг захира нусхаларини яратиш бўйича тавсиялар берилмоқда.

Маҳаллаларда, аҳоли билан учрашувларда банк пластик карталаридан фойдаланувчи пенсионер ва ижтимоий тўловларни олувчилар ўртасида электрон маблағни ноқонуний тажовузлардан ҳимоя қилишнинг энг содда усуллари, янги турдаги кибертаҳдидлардан огоҳлантирувчи тушунтиришлар олиб борилмоқда. Аммо шунга қарамай, ҳамон бу каби таҳдидлар тез-тез учраб турибди.  

Масалан, ўтган ойда Қувасой шаҳрида фирибгарга чув тушган фуқаро И.Т. пластик картасидаги бор пулларидан бир пасда ажраб қолди. Гап шундаки, фирибгар фуқаро Тelegram ижтимоий тармоғида фуқаро И.Т.га  ҳомиладор аёлларга нафақа пули берилишини айтиб, бунинг учун пластик карта рақамини юборишини билдиради. Бунга чиппа-чин  ишонган фуқаро тегишли банк томонидан берилган пластик карта рақамини фирибгарга беради. Фирибгар эса карта ҳисобида бўлган жами 835 минг 700 сўм пулларни фирибгарлик йўли билан осонгина ечиб олган. Мазкур ҳолат юзасидан Қувасой шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “В” банди билан жиноят иши қўзғатилган.  

Бу каби ҳолатлар кўп учраётгани ачинарли ҳол. Аммо бу борада тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамай, фуқаролар турли алдовларга учиб, ишониб қолишмоқда. Кибержиноят, фирибгарлик, товламачилик каби ҳар қандай жиноятлар эса, албатта, жавобгарликка сабаб бўлади.  

Шу ўринда қайд этиш жоизки, «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ишлаб чиқилиб, шу йил 15 март куни Президент томонидан имзоланди. Мазкур қонун расман эълон қилинганидан 3 ой ўтиб, яъни 2022 йил 17 июлдан қонуний кучга кирди. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда киберхавфсизлик соҳасидаги ягона давлат сиёсатини Президент белгилайди. Давлат хавфсизлик хизмати эса киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади ва унга ушбу йўналишда қатор ваколатлар берилган. 

Хулоса ўрнида айтиш керакки, ижтимоий тармоқлардаги турли эълон ва маълумотларга, ўйинларга маҳлиё бўлиб, чув тушишдан эҳтиёт бўлиш лозим.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА