Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пластик картадан ўғирланган маблағлар “1хbet” тотализатор ўйинларига сарфланган
10:34 / 2021-03-20

Фарғона вилоятида қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ўтказиш борасида қонунга хилоф хизматлар кўрсатиш ҳолатлари юзасидан назорат тадбирлари ташкил этилди.

Жиноятларнинг содир этилиши сабабларини тизимли таҳлил қилиш ва ўрганиш мақсадида Қува тумани прокуратурасида идоралараро ҳамкорликдаги эксперт таҳлил гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган. Таҳлилларга кўра, туманда 2020 йилда содир этилган 79 та ўғрилик жиноятининг 5 таси фуқароларнинг пластик карталаридан яширин тарзда пул ечиш орқали амалга оширилиб, маблағлар “1хbet” тотализатор ўйинларига сарфланганлиги аниқланган.

Таъкидлаш жоизки, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш, уларга жалб қилиш, уларни ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш ёки хизматлар кўрсатишга кўмаклаш Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 191-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни келтириб чиқаради.

Шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси талабига кўра, ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулот тўғрисида ахборотни тарқатиш таъқиқланади.

Бу турдаги қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида 2021 йил 19 март куни Қува туман прокуратураси томонидан ИИБ, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси, давлат солиқ инспекцияси ва бошқа масъул идоралар мутахассисларини жалб этган ҳолда назорат тадбирлари ўтказилди.

Тадбир давомида “1хbet” букмекерлик конторалар рекламалари жойлаштирилган ва ўзбошимчалик билан ўрнатиб олинган 2 та енгил конструкцияли шохобчалар ва 13 та савдо, хизмат кўрсатиш шохобчаларга ўрнатилган рекламалар олдириб ташланди.

Шунингдек, бу турдаги хизматларни қонунга хилоф равишда кўрсатиб келган фуқаролар О.Қ. ва М.И. нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳужжатлари расмийлаштирилди.

Жиноят ишлари бўйича Қува туман судининг 19.03.2021 йилдаги қарорига кўра,  О.Қ. ва М.И.лар МЖтКнинг 191-моддаси 3-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, уларга нисбатан қайд этилган модда билан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди ҳамда олинган ашёлар давлат фойдасига мусодара қилинди.

М. Сулаймонов,

ЎзА