Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пластик ифлосланишга қаршимиз
17:25 / 2023-06-06

5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазирлиги Навоий вилояти бошқармаси, вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Экологик партияси вилоят Кенгаши ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси ҳамкорлигида “Пластик ифлосланишга қаршимиз!” шиори остида экомарафон ўтказилди.

Айдар-Арнасой кўллар тизимида экологик ҳолатни яхшилаш, сув қайтган қисмларда ҳудуд иқлимига мос ўсимликлар экиш ҳамда “саҳро ферузаси”нинг флора ва фауна оламини асрашга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.  

Жумладан, йил бошидан буён кўллар тизимида икки маротаба жамоатчилик мониторинглари ўтказилди.  

– Айдар-Арнасой кўллар тизимида жамоатчилик назоратини олиб бормасак, келгуси авлод учун катта экологик хавф пайдо бўлиши мумкин, – дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Навоий вилояти бўлинмаси раҳбари Ғофир Алиев. – Бугунги ҳашарда ҳам айрим салбий ҳолатларга гувоҳ бўлдик. Мисол учун, ноқонуний балиқ ови билан шуғулланувчилар тўрларни ташлаб кетиши оқибатида қушлар ва балиқлар нобуд бўлмоқда. Шунингдек, дам олишга келган маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам турли ичимликлардан бўшаган идишлар ва овқат қолдиқларини дуч келган жойга ташлаб кетишган. Мана шундай ҳолатларга қарши кескин курашишимиз, тарғибот тадбирларини кўпайтиришимиз керак.  

Ҳашар давомида 1 тоннадан зиёд чиқиндилар йиғиб олинди ва махсус автотранспорт воситаларида ташиб кетилди. Марафон тадбири сўнгида фаол иштирокчиларга ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди.  

А.Бўриев, ЎзА