Бухоро вилояти Қоракўл туманида “Қоракўл марказий деҳқон бозори” олдида ер ости пиёдалар ўтиш йўли қуриб фойдаланишга топширилди.
Айни кунларда туманда транспорт оқимининг ортиб бориши марказий ҳудудларда тирбандликларни кучайтирмоқда. Айниқса, “Қоракўл марказий деҳқон бозори” олдида автомашиналар қатновининг кўплиги ҳайдовчилар билан бирга пиёдалар учун ҳам хавф туғдиради. Шу боис бир неча ой аввал мазкур ер ости пиёдалар ўтиш йўли қурилишига киришилганди.

Қурилиш жараёнида тупроқдаги захлик ва ер ости сувларининг юқорилиги каби муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди. Тажрибада синовдан ўтган технологиялар қўлланди, дренаж тизими ўрнатилди ва туннелнинг мустаҳкам, хавфсиз ҳамда узоқ муддат хизмат қилиши учун барча талаблар бажарилди. Узунлиги 67 метр, кенглиги 4 метр ва баландлиги 2,5 метр бўлган ер ости пиёдалар ўтиш йўлида имконияти чекланган фуқаролар бемалол ҳаракатланиши учун ҳам барча шароитлар яратилган.
Пудратчи ташкилот “Ўзйўлкўприк кластери” ДМ томонидан 4р75 “4р66 автойўли-А380 автойўли-Варахша қ.-Мохонкўл даҳаси-Қоракўл ш.” автомобиль йўлининг 82,2 км қисмида бунёд қилинган, умумий қиймати 8,2 миллиард сўм бўлган мазкур объект қоракўлликлар ихтиёрига топширилди.
Очилиш маросимида туман ҳокими бошчилигида ташкилотлар раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида ушбу қурилишда фидойилик кўрсатган бир гуруҳ қурувчи-йўлсозларга эсдалик совғалари топширилди ва меҳнати эътироф этилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.