Андижон вилояти ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида қатор профилактик тадбирлар амалга оширилишига қарамай, ўтган 2022 йил давомида 845 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Мазкур йўл-транспорт ҳодисаларининг 161 таси фуқаролар ўлими билан якунланган.
Таҳлилларга кўра, қайд этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг 587 таси ҳайдовчилар айби билан, 258 таси эса пиёдалар айби билан содир этилган.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг 163 таси болалар иштирокида содир этилганлиги, бунинг натижасида 142 нафар бола тан жароҳати олганлиги, 21 нафар бола эса бевақт ҳаётдан кўз юмгани янада аянчлидир.
Ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Андижон вилояти ҳокимининг фармойиши билан жорий йилнинг 10 февралидан 10 мартига қадар вилоятда “Йўл ҳаракати маданиятини ошириш ойлиги” ўтказилмоқда.
- Ойлик доирасида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг йўл ҳаракати қоидалари бўйича билим ва тушунчаларини юксалтиришга, маданиятини оширишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилади, - дейди Андижон вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Матбуот хизмати бошлиғи, капитан Диёрбек Абдураззоқов. – Айни кунларда ойлик доирасидаги ишлар, тарғибот тадбирлари белгиланган режа асосида ташкил этилмоқда.
[gallery-10565]
Тарғибот-тушунтириш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси шахсий таркиби ходимлари вилоятдаги мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларига бириктирилди.
Ойлик доирасида пиёдалар, хусусан, болалар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси энг кўп содир этилган Андижон шаҳри, Бўстон, Олтинкўл, Асака, Марҳамат, Булоқбоши ва Улуғнор туманларида ҳайдовчилар ҳамда болалар учун тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида учрашув, мулоқот ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Шунингдек, ойлик давомидаги тадбирлар доирасида серқатнов автомобиль йўллари, транспорт ҳаракати кўп бўладиган чорраҳаларга, йўлларнинг таълим муассасалари жойлашган ҳудудларига йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситаларини ўрнатиш чоралари ҳам кўрилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА