Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пиёда юриш жуда фойдали
16:48 / 2023-09-22

Мутахассислар инсон кунига 5-7 километр пиёда юрса нафақат қон томир, бошқа касалликлардан ҳам фориғ бўлади, деган хулосага келган. Соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя этган, зарарли одатлардан воз кечган, кунни фаол ҳаракат билан ўтказган кишига касаллик ҳам яқинлашмайди.

Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, бошқарманинг Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш ҳудудий бўлими, шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамда Гулистон шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлими ходимлари ташаббуси билан шаҳардаги Улуғ йўл маҳалласи ҳудудидаги 2-оилавий поликлиникада ташкил этилган навбатдаги тадбир ҳам ана шу масалага қаратилди. 

Шаҳар тиббиёт бирлашмаси тиббиёт ходимлари томонидан саломатлик майдончасида ташкил этилган “Ассалом тонг” тонги нафас машқлари тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирган бўлса, “Соғлом овқатланиш дастурхони” орқали аҳоли вакилларига намойиш этилган инсон саломатлиги учун фойдали ва фойдали бўлмаган маҳсулотлар кўргазмаси жуда фойдали бўлди. Энг муҳими, тадбир давомида Улуғ йўл, Маънавият, Ниҳол, Маданият маҳаллалари ҳудудида жойлашган аҳоли хонадонлари орасидан “Озода хонадон”, “Спортчилар оиласи”, “Тамакидан холли хонадон” каби номинациялар ғолиблари аниқланиб, ушбу хонадонларга пешлавҳалар тақдим этилди.

Оилавий поликлиникада “Аёл саломатлиги – миллат саломатлиги” шиори остида тиббий кўрик ташкил этилиб, репродуктив тизимида муаммоси бор хотин-қизлар, туғуруқ ёшидаги аёллар ва болалар шаҳар тиббиёт бирлашмаси, вилоят даволаш профилактика муассасаларининг мутахассислари кўригидан ўтказилди. Соғлиғида муаммоси бор аҳоли вакилларига шаҳар, вилоят даволаш муассасаларига йўлланма берилди. Шифокор назорати талаб этиладиган фуқароларга маслаҳат ва тавсиялар берилди. 

Улуғ йўлда ўтказилган соғломлаштириш тадбирида Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза этиш бўйича ўринбосари Файзулла Мавлонов, шаҳар тиббиёт бирлашмаси тиббиёт ходимлари, Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш ҳудудий бўлими ҳамда Гулистон шаҳар оила ва хотин қизлар бўлими ходимлари иштирок этди. 

Шуҳрат Суяров, ЎзА