Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пиёда ва ҳайдовчилар учун йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғри ва тизимли йўлга қўйилганми?
12:16 / 2022-12-06

Ўзбекистонда 2022 йил январь-октябрь ойларида юз берган 7 минг 636 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 1 минг 931 киши ҳалок бўлди, уларнинг 226 нафари — болалар. Йўлларимизда 10 ойда салкам 2 минг киши вафот этган. Бу барчамиз учун даҳшатли кўрсаткич албатта. Агар тезлик билан йўл-транспорт ҳодисалари содир этилишининг олди олинмаса, мавжуд муаммолар бартараф этилмаса, бу кўрсаткичлар ҳам "ҳолва" бўлиб қолиши шубҳасиз.

Хўш, юртимизда йўл-транспорти билан боғлиқ фожиали ҳолатларнинг олдини олиш борасида қандай ишлар йўлга қўйилиши кутилмоқда? 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нигора Қутлимуратова ЎзА мухбирининг шу каби саволларига жавоб берди.

— Жорий йилнинг 11 февралида Президентимиз раҳбарлигида «Хавфсиз ва равон йўл» тамойили асосида автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини таъминлашнинг устувор йўналишлари тўғрисида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқ ижросини таъминлашда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан «Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, бугунги кунда Олий Мажлис қонунчилик палатаси мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида депутатлар томонидан маромига етказилмоқда.

Хусусан, қўмита аъзолари қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича кенг жамоатчиликнинг таклиф ва мулоҳазаларини эътиборга олиш мақсадида жойларда турли тадбирлар ўтказмоқда.

Депутатлар томонидан мазкур қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка тушунтириляпти. Шу билан бирга, қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича берилган бир қатор таклифлар эътиборга олинмоқда.

Камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳуқуқий асосларни яратиш, йўл ҳаракатини тўғри ташкил этиш, шунингдек, йўл ҳаракати мониторингини ўтказиш, тўхтаб туриш жойларига қўйиладиган талабларни белгилаш ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш зарурати туғилмоқда.

Шу мақсадда «Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

— Қонунда қандай мақсадлар назарда тутилган?

— «Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг мақсади йўл ҳаракатини ташкил этиш жараёнидаги муносабатларни тартибга солиш ва хавфсиз йўл ҳаракатини таъминлашдан иборат.

Бугунги кунда иқтисодиётнинг, шу жумладан, кичик бизнес ва тадбиркорликнинг ривожланиши бевосита мамлакатимизда автотранспорт воситалари сони ҳамда юк ва йўловчи ташиш ҳажмини кескин оширмоқда.

Автотранспорт воситалари сонининг кескин ошиб бориши эса мавжуд автомобиль йўлларига ортиқча юкламалар тушишига ҳамда бугунги куннинг долзарб муаммосига айланиб бораётган «тирбандлик»нинг пайдо бўлишига олиб келмоқда.

Маълумот учун: 2010 йилда аҳоли сони 29 млн. 123 минг кишини ташкил қилган бўлса, 2021 йил якунига келиб 35 млн. 271 минг кишини ташкил этмоқда, транспорт воситалари сони 2 млн. 61 мингтадан 4 млн. 100 мингтага, ҳайдовчилар сони 1 млн. 900 минг нафардан 7 млн. 500 минг нафарга ошган.

— Автоҳалокатлар сони ортиб боряпти. Бунинг олдини олиш учун қандай ишлар қилиниши керак деб таклиф берасиз?

— Таъкидлаш лозимки, бугунги кундаги йўлларнинг ҳолати ўсиб бораётган транспорт воситаларининг тирбандликларсиз ҳаракатланишини таъминлашга жавоб бермайди. Йўл ҳаракати иштирокчилари бўлган транспорт воситалари йўловчилари, пиёда ва велосипед ҳайдовчилар учун йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғри ва тизимли йўлга қўйилмаган. Бу эса, бугунги кунда республиканинг умумий 209 минг 496 километр узунликдаги автомобиль йўлларига хизмат кўрсатиш ҳамда уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш йўналишида бир қатор ўз ечимини топмаган муаммоларга эътибор қаратиш фурсати етганлигини кўрсатмоқда.

Маълумот учун: Мавжуд йўлларнинг 42 минг 869 километри (20,5 фоиз) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўлиб, Автомобиль йўллари қўмитаси тасарруфида.

141 минг 882 километри (67,7 фоиз) шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари бўлиб, маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида.

24 минг 745 километри (11,8 фоиз) узунликда хўжалик автомобиль йўллари бўлиб, давлат ташкилотлари ёки юридик шахслар ихтиёрида.

Бугунги кунда республикадаги йўлларда ҳаракатни ташкил этиш тартиби ва тизими бўйича таҳлиллар ўтказилиб, бир нечта сабаблар аниқланди. Улардан энг асосийларига тўхталиб ўтаман. Биринчидан, йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича бугунги кунда амалиётда қўлланилиб келаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аксарияти собиқ иттифоқ даврида ишлаб чиқилганлиги, ягона тизимга мувофиқлаштирилмаганлиги, улардаги нормалар замонавий талабларга мос келмаслиги, иккинчидан, йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун масъул тузилмалар институти шаклланмаганлиги; учинчидан, йўлларда тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш тизимли олиб борилмаганлиги ва тартибга солинмаганлиги ҳамда бундай жойларнинг реестри юритилмаганлиги; тўртинчидан, йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича сўнгги йилларда етарли илмий тадқиқотлар олиб борилмаганлиги; бешинчидан, амалдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги ҳамда «Автомобиллар йўллари тўғрисида»ги қонунларда йўлларда ҳаракатни ташкил этиш институти тизими мавжуд эмаслиги ҳамда йўлларда ҳаракатни ташкил этиш нормаси, тартиби, тизими ёки механизмларини ўзида ифодаламаганлиги маълум бўлди.

Ишчи гуруҳ томонидан бу каби тизимли муаммоларни ҳал этиш ва уларнинг ечимини топиш мақсадида Россия, Германия, Беларус, Қозоғистон, Хитой, Грузия, Эстония, Латвия каби давлатларнинг қонунчилиги ҳамда миллий тажрибаси ўрганилди ва шу асосда мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

— Қонун лойиҳасига қандай ўзгартишлар киритиш назарда тутилмоқда?

— Энг аввало йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича фаолиятни тизимли йўлга қўйиш белгиланмоқда. Давлат бюджетидан йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун ажратиладиган маблағларнинг самарали сарфланишини тартибга солиш механизмлари ва йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасидаги махсус ваколатга эга бўлган ҳамда бу жараёнда иштирок этувчи давлат идоралари алоҳида қайд этилмоқда. Бундан ташқари, ҳайдовчиликка номзодлар ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларни ҳар 5 йилда бир маротаба тиббий кўрикдан ўтиш тартиби ҳамда ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлишга тўсқинлик қилувчи 7 та йўналишдаги касалликлар рўйхати тасдиқланиши назарда тутилмоқда. Мазкур қонун талаблари бажарилмаган ҳоллар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 147-моддасига қўшимча киритиш орқали маъмурий жазо чораси белгиланмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича Давлат бошқаруви ва ваколатли органлар ўртасида самарали ҳамкорлик қилиш тизимларини яратишга хизмат қилади, деб ўйлайман.



Нигора Раҳмонова суҳбатлашди, ЎзА