Пиёдани уриб, воқеа жойидан қочиб кетган ҳайдовчи ушланди
Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани ҳудудида автомашинада пиёдани уриб, унга ёрдам кўрсатиш ўрнига воқеа жойидан қочиб кетган ҳайдовчи топилди.
Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани ҳудудида автомашинада пиёдани уриб, унга ёрдам кўрсатиш ўрнига воқеа жойидан қочиб кетган ҳайдовчи топилди.
Бу ҳақда вилоят ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати маълум қилмоқда. Маълум бўлишича, шанба – 19 октябрь куни тунги соат 01:00 ларда номаълум автомашина ҳайдовчиси “Бектемир-Чирчиқ-Ғазалкент-Чорбоғ” автомобиль йўлининг 10 километр қисмида пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган фуқарони уриб юборган.
Бўстонлиқ туманидан пойтахт томонга ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи жабрланувчи – 1971 йилда туғилган фуқаро Х.И ҳаётини хавф остида қолдириб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Автоҳалокат оқибатида фуқаро Х.И бош мия чайқалиши, бир неча қовурғалар синиши ва бир неча бошқа жароҳатлар билан оғир аҳволда Юқори Чирчиқ тумани марказий шифохонасига жойлаштирилган.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ва қидирув ишлари натижасида шу куннинг ўзида пиёдани уриб юборган автомашина маркаси ва унинг ҳайдовчиси аниқланган.
Мазкур йўл транспорт ҳодисасини 1988 йилда туғилган фуқаро А.Б ўз бошқарувидаги автомашинасида содир этгани, воқеа жойида қолган бўлаклар ушбу автомашинага тегишли экани аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 117-моддаси (Хавф остида қолдириш)га кўра, ҳаёти ёки соғлиги хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, башарти, айбдор бундай аҳволдаги шахсга ёрдам бериши шарт ва бундай имкониятга эга бўлса ёхуд айбдорнинг ўзи жабрланувчини хавфли аҳволга солиб қўйган ва бу ҳол баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига олиб келса, уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади вилоят ИИББ матбуот хизмати хабарида.