Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Питомникларда етиштирилган ҳайвонлар ҳисобидан ов қилишга рухсат берилади
13:18 / 2026-02-24

Мамлакатимизда 37 та ов хўжаликлари мавжуд бўлиб, уларда ов қилиш тартиб ва қоидаларига тўлиқ амал қилинмаяпти. Эндиликда ов қилиш ва овчилар тайёрлаш тартиби тизимлаштирилиб, соҳа янада тартибга солинади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси соҳага илғор технологияларни жорий этиш, овчилик хўжаликларида биохилма-хилликни сақлаш ва кўпайтириш, ов туризми инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган.

Қонун лойиҳаси билан “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Қурол тўғрисида”ги ҳамда “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, қонун лойиҳасида ов қилиш жараёнлари шаффофлигини оширишга қаратилган нормалар акс этмоқда.

Шу билан бирга, овчилик йўлланмалари (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкалари)ни бериш махсус электрон дастур орқали амалга оширилиши, улар асосида мавсумий ёки бир марталик овни амалга ошириш ҳуқуқи тақдим этилиши кўзда тутилмоқда.

Лойиҳа билан питомникларда етиштирилган ёввойи ҳайвонларни ов қилиш жойларига қўйиб юбориш амалиёти қўллаб-қувватланиб, бундай ҳайвонлар ҳисобидан ов қилишни ташкил этишга рухсат берилиши белгиланмоқда. Мазкур ёндашув ов қилиш билан бир вақтда ёввойи ҳайвонлар захирасини тўлдириш имконини беради.

Бундан ташқари, ов қилиш фақат овчилик хўжаликларига бириктириб берилган ов қилиш жойларида амалга оширилиши белгиланяпти. Бу эса ов қилиш устидан назоратни кучайтириш ҳамда ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш ва уларнинг табиий захирасини асрашга хизмат қилади. Шунингдек, ов қилишни режалаштириш, рухсат этилган ҳудудлар ва муддатларни белгилашда ягона тизим асосида иш юритиш назарда тутилмоқда.

Моддама-модда муҳокамаларда қонун лойиҳаси ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, овчилик маданиятини ошириш ҳамда соҳани барқарор ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.   

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА