Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Пистали” конида бир миллион кубометр тоғ жинси қазиб олинди
19:59 / 2023-03-27

Навоий кон-металлургия комбинати томонидан Нурота туманидаги “Пистали” кони негизида йилига 4 миллион тонна олтин маъданини қайта ишлайдиган 6-гидрометаллургия заводи қурилмоқда.

2023 йил 6 январь куни конда олтин маъдан таналарини очиш учун илк портлатиш ишлари бажарилган эди. Умумий қиймати 274,7 миллион долларлик мазкур лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши қимматбаҳо металл ишлаб чиқариш ҳажмини оширишдан ташқари, икки мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Айни вақтда кон мажмуасининг мустаҳкам моддий-техника базаси яратилмоқда. Жумладан, унда 2 та замонавий бурғилаш ускунаси, 3 та экскаватор, 16 та автоағдаргич, 3 та маъдан юклагич ва бошқа турдаги кон техникалари мавжуд. 27 март “Пистали” кони тарихида тарихий кун сифатида муҳрланди, яъни олтин маъдан таналарини очиш мақсадида кондан қазиб чиқарилган тоғ жинслари ҳажми 1 миллион кубометрни ташкил этди.

Ҳозирда “Пистали” конида қарийб 360 нафар ишчи-хизматчи, муҳандис-техник ходим фаолият кўрсатяпти. Мажмуа таркибидаги 6-гидрометаллургия заводи, кон ускуналарини таъмирлаш цехи, автосарой, ишчилар шаҳарчаси ва бошқа объектлар қурилиши давом этмоқда.

Йилига 4 миллион тонна олтин таркибли маъданларни қайта ишлаш қувватига эга 6-гидрометаллургия заводининг ишга туширилиши мамлакатимиз иқтисоди ривожида муҳим аҳамият касб этади.

Норбўта Тошботиров,

“1-ГМЗ” кон бошқармаси директори

ЎзА