Қарор ва ижро
Сўнгги йилларда таълим соҳасини ислоҳ қилиш, аҳоли, айниқса, ёшларга бу борада қулайлик яратиш давлатимиз диққат эътиборида турган долзарб масалалардан биридир. Хусусан, Президентимизнинг 2019 йил 8 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бўйича Тошкент вилояти Пискент туманида бир қатор ишлар амалга ошириляпти.

Ҳудудда боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш, олис қишлоқларда зарур шароит яратиш чоралари кўрилмоқда.
Ҳозир туман Мактабгача таълим бўлими тасарруфида жами 34 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатиб, шундан 17 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари, 2 та хусусий, 1 та ДХШ, 14 та оилавий мактабгача таълим ташкилотларидир. Улар 3-7 ёшли 3 минг 41 нафар болани мактабгача таълимга қамраб олган.

– Бугунги кунда ислоҳотларнинг натижаси сифатида туманимизнинг энг олис ҳудудларига мобиль боғчалар фаолияти йўлга қўйилди, – дейди туман Мактабгача таълим бўлими раҳбари Д.Акбаров. – Хусусан, "Дўстлик" ва “Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғинларида “Ақлвой” лойиҳаси доирасида қайта жиҳозланган “Isuzu HC 40” русумли автобуслар негизида болалар майдончасига эга бўлган мобил боғчалар ташкил этишга киришилди. Ушбу янги ташаббус олис ҳудудлардаги 3-6 ёшли болаларни ҳам мактабгача таълимга қамраб олишда самарали усул ҳисобланади. Камхаражат ва энг чекка ҳудудларга ҳам кириб бора оладиган мобиль боғчалар янги боғча қурилиб, битказилгунга қадар болаларни таълимга қамраб олиш ва мактабга тайёрлашда самарали ечим ҳисобланади.
Ҳусусан, Мактабгача таълим вазирлиги ташаббуси билан бошланган мобиль гуруҳда "Дўстлик" МФЙ Мингўрик қишлоғи ҳудудида яшаётган болажонларнинг эмин-эркин ўсишлари ва ўйнашлари учун барча шароит яратилган.

– Фарзандларимиз учун боғча қурилармикан, деб кўнглимиз ўксир эди, – дейди маҳаллада яшовчи М.Неъматуллаева. – Айрим ота-оналар эса қийналиб туман марказидаги боғчаларга болаларини олиб боришар эди.
Лекин орзуларимиз амалга ошиб, боғча ўз оёғи билан юриб келгани кутилмаган иш бўлди. Автобус бўлса ҳам чиройли, барча қулайликларга эга, қувноқ расмлар билан безатилган экан.

"Ақлвой” автобуслари чекка қишлоқ ва ҳудудлар бўйлаб ҳаракат қилади ва йўналишининг ҳар бир нуқтаси махсус қурилган соябонли ўйингоҳ билан жиҳозланган. Болаларга таълим-тарбия бериш жараёни тегишли сменада ўтилади, лекин енгил тамадди қилиш учун ҳам шароит мавжуд.
Машғулотларнинг асосий қисми очиқ ҳавода ўтказилади. Бунинг учун автобуслар йўналишининг ҳар бир нуқтасида шийпонли, тўсиқли, ўриндиқли арғимчоқ, ўйин уйчаси ва қумхонали майдонча мавжуд.

Президентимизнинг юқоридаги қарори ижросини таъминлаш ва болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш кўламини кенгайтириш мақсадида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Хусусан, ҳар бир секторда янги ва замонавий боғчаларни ташкил этиш, уларга малакали мутахассисларни жалб қилиш белгиланган. Унга кўра, яна 5 минг 530 нафар болани қамраб олиш ва сифатли таълимга эришиш имконияти яратилади.
Эътиборлиси, мазкур боғчалар бунёд этилгунга қадар келгусида бошқа ҳудудларда ҳам "Ақлвой” автобуслари болажонларга хизмат қилиши режалаштирилган.

Абдулазиз Мусаев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА