Пискентда йирик технопарк қурилиши режалаштирилмоқда
Тошкент вилояти Пискент туманида хитойлик инвесторлар томонидан йирик технопарк қурилиши режалаштирилмоқда.
Тошкент вилояти Пискент туманида хитойлик инвесторлар томонидан йирик технопарк қурилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда. Қайд этилишича, Пискент тумани ҳокими Шуҳрат Аҳмедов хитойлик инвесторлар билан учрашиб, туманда электротехника воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик технопарк қурилиши масаласини муҳокама қилди.
Учрашувда туманнинг инвестицион салоҳияти, бу ерда яқин келажакда амалга ошириладиган ишлар кўлами ҳақида маълумот берилди. Ўз навбатида, нуфузли Хитой компаниясининг директорлар кенгаши раиси Юэ Хэфу истиқболдаги бизнес лойиҳалари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Шундан сўнг хитойлик тадбиркорлар истиқболли лойиҳа учун зарур ер майдонини бориб кўрди. Туман ҳокимлиги томонидан инвесторларга транспорт ва инфраструктураси нисбатан яхши ривожланган 3 та ҳудуддан ер майдони кўрсатилди.
Маълумотларга кўра, 150 миллион доллар қийматидаги ушбу инвестицион лойиҳа амалга ошса, қарийб 2 мингта янги иш ўрни яратилади.