Пискент туманида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наримон Умаров туман ҳокимлиги масъуллари, фаоллар ва депутатлар билан учрашди.
Унда 2026 йилга мўлжалланган Давлат дастури ҳамда 2026–2030 йилларга белгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор йўналишлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Суҳбатларда иқтисодий ўсишни таъминлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш, саноатни диверсификация қилиш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳужжатда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, туманни барқарор ривожлантириш масалалари таҳлил этилди. Жорий йилда туманнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари, инвестиция дастурлари бажарилишини, аҳоли ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш, камбағалликни камайтириш каби масалалар таҳлил қилиниб, зарур вазифалар белгиланди.

Шунингдек, туман кўп тармоқли тиббиёт бирлашмасида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, дори-дармон нархларини назорат қилиш ва аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати кўриб чиқилди.

Президентимиз шу йил 13 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида муборак Рамазон ойи бошланиши муносабати билан ички бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, деҳқон бозорлари ва йирик савдо комплексларида арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаларини ташкил этиш бўйича топшириқ берганди. Депутат марказий деҳқон бозори ва савдо мажмуаларида ташкил этилган арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаларини ҳам кўздан кечириб, нарх-наво барқарорлиги ва аҳолига яратилган шароитларни ўрганди.

“Дўстлик” МФЙда “Маҳалла еттилиги” фаолияти таҳлил қилиниб, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Учрашувлар давомида янги қабул қилинган қонунлар, шунингдек, Президент фармон ва қарорларининг мазмун-моҳияти сайловчиларга етказилди.
А. Мусаев, ЎзА