Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пискентда Фарғона тажрибаси оммалаштирилади
19:12 / 2023-08-09

Президентимизнинг 2023 йил 3 августдаги “2023-2026 йилларда узумчилик ва виночилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида Пискент тумани Мингтепа маҳалласида амалий семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, сектор раҳбарлари, вилоят ва туманнинг аграр соҳа вакиллари, миришкор боғбон, деҳқон ва фермерлар, агрономлар ҳамда узумчиликни ташкил этиш ниятида бўлган фуқаролар қатнашди. 2023-2024 йилларда республикамизнинг 51 туман ва шаҳарларида “Олтиариқ тажрибаси” асосида янги узум плантациялари, 187 минг 614 гектар майдонда янги боғлар барпо этилади. Зойир Мирзаев ҳудудларнинг ички имкониятлари ва иқлим шароитидан келиб чиқиб янги боғлар барпо этиш, ток навларини янгилаш ва экспортбоп, сара навлар ўтқазиш, бунда Фарғона водийсининг олтиариқлик миришкор боғбонларнинг илғор тажрибасини ўрганиш, керак бўлса, боғбонларни жалб этиб, Пискент туманидан тажриба майдонлари ажратишга, меваларни сақлаш ва экспортга йўналтириш имкониятларини оширишга алоҳида аҳамият қаратиш ҳақида ўз таклифларини баён этди.  

Шундан сўнг, Пискент тумани ҳокими Нодирбек Якубов ҳудудда амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар бўйича ахборот берди. Унга кўра, 390 гектар ер майдони узумчиликка ихтисослаштирилади. Бунда 20 гектар агротуризм имкониятлари қўлланиб, 40 янги иш ўрни яратилади. Натижада 320 тонна ҳосил олиш имкони пайдо бўлади. Бундан ташқари, узумчиликда 370 гектар майдонда кооперация усулида иш ташкил қилинади ва 740 нафар аҳоли бандлиги таъминланади. Бунинг эвазига 5 минг 920 тонна ҳосил олиниб, 3 минг 600 тонна виночилик, 2 минг 320 тонна қайта ишлашга (майиз) йўналтирилади. Шу билан бирга, янги боғларга дастлабки 3 йилда оралиқ экинлар экиш ҳисобига 2 минг 500 тонна пиёз, 300 тонна саримсоқ пиёз, 3 минг 900 тонна сабзи, 2 минг тоннадан ортиқ бодринг ҳосилини етиштириш режалаштирилган.  

Тадбирда Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Қўштепа туманларидан тажриба алмашиш мақсадида келган боғбон ва агрономлар ўзлари етиштирган мевалар ва тажрибаларини иштирокчиларга тақдим этди.  

А.Мусаев, ЎзА.