Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пискент туманида пахта терими фестивали
17:07 / 2023-10-10

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Хитой Халқ Республикасининг “China Dadi” компанияси ҳамда Пискент тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида 1-пахта терими фестивали ўтказилди.

Тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти профессор-ўқитувчилари, “Реал агро коттон” пахтачилик кластери, ҳудуддаги деҳқон ва фермерлар, терим отрядлари, ОАВ вакиллари, санъаткорлар қатнашди.

Пискент тумани “Тулепов Саидаҳмад” фермер хўжалигида ўтказилган фестивалдан кўзланган мақсад пахта етиштиришда илм ва инновацияларни жорий этиш, уруғлик ва навларни иқлим шароитига мослаб танлаш орқали ҳосилдорликни ошириш, пахтачиликда Ўзбекистон ва Хитой тажрибаларини бирлаштириб, соҳада ютуқларга эришишдир.

“Тулепов Саидаҳмад” фермер хўжалигида 88 гектар ер бўлиб, 40 гектарига “Султон” навли чигит қадалган эди. Хитойнинг “China Dadi” компанияси билан ҳамкорликда пахтазорда 12 гектар майдон тажриба синов тариқасида парваришланди. Бугунги фестиваль доирасида пахта экиш технологияси бўйича семинар ҳам ташкил этилиб, тадбир иштирокчилари, аграр соҳа мутахассислари томонидан тажриба майдонларидаги ҳосилдорлик кўздан кечирилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё бўлими раҳбари Сафар Пирнафасов, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Бегали Ниязалиев ҳамда хитойлик экспертлар томонидан натижалар таҳлил этилди ва юқори баҳоланди.

Тадбир давомида дала шийпонида тўкин дастурхон ёзилди, концерт дастури намойиш этилди. Хўжаликда пахта тераётган 19-отряд теримчилари ва барча меҳмонлар учун миллий таомлар тортилди.

А.Мусаев,ЎзА мухбири