Шу кунларда Тошкент вилоятининг пахта далаларида етиштирилган ҳосилни ўз вақтида териб олиш ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда. Теримга жалб этилган фуқароларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва кўчма тиббий кўрикни ташкил қилиш, савдо, маданият ва маиший хизматлар кўрсатиш бўйича масъуллар томонидан жойларда зарур шароитлар яратилган.
Хусусан, Пискент туманида 156 та фермер хўжалиги “REAL AGRO COTTON” пахтачилик кластери билан шартнома имзолаган бўлиб, 6 минг 761 гектар майдонда ҳосил етиштирилган. Мавсумда деҳқонлар 24 минг 300 тонналик хирмон барпо этиш ниятида.
Терим жараёнлари билан танишиш мақсадида вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Дастлабки манзил ҳудуддаги “Пискент Шарқ Агро” фермер хўжалиги далалари бўлди.
– Жараёнларни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида зарур техника воситаларини жалб қилганмиз, – дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Асрор Аббосхонов. – Хусусан, 8 та юқори унумли терим комбайни, 120 та трактор, 400 та тиркама, 110 та терим отряди ташкил этилган. Жойлардаги 110 та терим отрядининг ҳар бирига 2 миллион 500 минг сўмдан, жами 275 миллион сўм маблағ берилди.
– Ҳар бир хўжаликда теримчилар учун етарли шароит яратилган. Ҳар куни тушликда дала шийпонида иссиқ овқат, чой, нон берилади, – дейди 89-отряд раҳбари Мавлуда Умаржонова. – Отрядимизнинг аъзолари Мўминобод ва Ғайрат маҳаллаларининг фуқаролари. Улар “Каримов Холмурод” фермер хўжалигида пахта термоқда. Бундан ташқари, “Искандаров Сардор тараққиёт” фермер хўжалигида пахта теримига жалб қилинган терим комбайнлари ёрдамида кунига 12-15 тонналаб пахта хирмони бунёд этилмоқда.
– Пахта ҳосилини ёғин-сочин кунларга қолдирмай йиғиштириб олиш ҳаракатидамиз, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Сардор Искандаров. – Жорий йилда ҳосилдорликни 45 центнерга етказишни мақсад қилганмиз.
Машина теримининг афзалликларини тажрибали фермерлар яхши билади. Уларнинг айтишича, агар терим машинаси сифатли ишласа, биринчи навбатда иш суръати ошади. Қўл теримига эҳтиёж камаяди. Фермер молиявий жиҳатдан тежамкорликка эришади. Агар, ҳосил мўл бўлса, фермерлар биринчи теримдаёқ режанинг 80-90 фоизини бажаради.
Айни пайтда терим мавсуми қизғин давом этмоқда. Бир кунда 1 минг 42 тонна, мавсум бошидан буён 7 минг 939 тонна пахта йиғиб олинди. Бунинг учун жойларда зарур хавфсизлик чоралари кўрилиб, пахта йиғим-терим мавсумини беталафот ва самарали ўтказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилган.
А.Мусаев, ЎзА