Навоий шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида халқаро “PISA 2025” тадқиқотларига доир тажриба-синов жараёнлари бўлиб ўтди.
Халқаро PISA тадқиқотлари 15 ёшли ўсмирларнинг саводхонлиги, креатив ва мантиқий фикрлаш қобилияти, мактабда олган билимларини реал ҳаётий вазиятларда қўллай олишини баҳоловчи жараён ҳисобланади.
Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан Ўзбекистоннинг 2030 йилгача халқаро баҳолаш дастурларида узлуксиз иштирок этиши ҳамда мазкур баҳолаш мезони бўйича дунёнинг илғор мамлакатлари қаторига киришини таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

– Халқаро PISA тадқиқотлари ана шундай муҳим жараёнлардан биридир, – дейди Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Алишер Ўрозов. – PISA тадқиқотлари ҳар бир мамлакатга ўзининг кучли ва заиф томонларини дунё таълим тизими билан қиёслаш имконини беради. Бу орқали мамлакатдаги таълим тизими, таълимнинг ташкил этилиши, ўқувчиларнинг танқидий ва ижодий фикрлаши, ота-оналарнинг фарзандларининг таълим олишига эътибори ва уйда яратилган шароитлари бўйича атрофлича илмий асосланган маълумотлар олишга эришиш кўзда тутилган.
Мазкур тадқиқотда Навоий вилоятидан Навоий шаҳридаги 1-, Навбаҳор туманидаги 5-, 15-умумтаълим мактаблари иштирок этмоқда.

Жараёнларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, А. Авлоний номидаги Педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти, Таълимни ривожлантириш илмий-методик маркази, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган.

Ҳозирга қадар тадқиқотда иштирок этаётган мактабларнинг ҳар бири 60 тадан компьютер билан таъминланиб, юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири