Янги йил байрами арафасида пақилдоқлар, ракеталар, бенгал маёқчалари ва бошқа турли пиротехника маҳсулотлари савдоси авжига чиқади. Уларга байрам кайфияти ва қувончини улашувчи восита сифатида қаралади. Аслида ҳам шундайми?
Аммо, улар нотўғри ишлатилганда инсонда жиддий куйиш ва жароҳатланиш ҳолатлари учраши кўз юмиб бўлмас ҳақиқатдир. Афсуски, танганинг иккинчи томони бўлган олибсотар ва қонунбузарлар эса даромад олиш илинжида турли йўллар қидиришда давом этмоқда.

Айни кунларда Тошкент вилояти ИИББ ва унинг қуйи тизим бўлинмалари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши қаратилган профилактик тадбирлар изчил олиб борилмоқда.

“Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор тадбирлари доирасида Янгийўл туманида қўлбола усулда тайёрланган пиротехника воситалари билан боғлиқ ҳолат аниқланди. Мазкур ҳудуднинг Пахта маҳалласида яшовчи 2010 йили туғилган фуқаро(У.А.)нинг яшаш хонадонида қўлбола усулда ясалган, турли ҳажм ва кўринишдаги 110 дона пиротехника воситаси мавжудлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, мазкур воситалар мустақил равишда тайёрланган бўлиб, сотишга чиқариш мақсад қилинган. Шунингдек, Тошкент туманида ўтказилган рейд тадбирлари давомида “Gentra” русумли автомашина ҳайдовчисининг транспорт воситасининг юкхонасида қаттиқ овоз чиқарувчи пиротехника воситалари борлиги аниқланди.

Ҳар икки ҳолат юзасидан тегишли тартибда қонуний чора кўрилиб, пиротехника воситалари мусодара қилинди.
А.Мусаев, ЎзА.