Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника воситалари айланишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори доирасида Божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан Республикамиз ҳудудига пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ноқонуний ҳаракатлар назоратга олинган.
Бухоро вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими, ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда олиб борган тезкор тадбирлари натижасида пиротехника воситаларини пуллашга уринган шахс тўхтатиб қолинди.
Пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйишга қаратилган тезкор тадбирлар вилоятнинг Ғиждувон туманида ўтказилди. Унда фуқаро С.А “шартли” харидорга 6 000 дона пиротехника воситаларини пуллаётган чоғида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Шундан сўнг, ушбу фуқаронинг яшаш хонадонида холислар иштирокида кўздан кечирилганда 35 блокда, ҳар бирида 10 қутидан жойлаштирилган 21 000 дона пиротехника воситаларини келгусида сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги маълум бўлди. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича жами 27 000 дона пиротехника воситалари ашёвий далил сифатида сақловга олинган.
Содир этилган ноқонуний хатти-ҳаракатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.