Тошкент вилояти ИИББ ва унинг қуйи тизимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, вилоят ҳудудида пиротехника маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш йўналишида сўнгги уч ой давомида жами етти мингга яқин рейд, тезкор-қидирув ва профилактик тадбирлар ўтказилди. Ўтказилган тадбирлар натижасида 508 та қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, жами 241 минг дона турли кўринишдаги пиротехника воситалари мусодара қилинди.

Аниқланган ҳолатларнинг 451 тасига маъмурий чора кўрилган бўлса, 56 та иш судга юборилган ҳамда 6 та ҳолатда вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга тақдим этилган. Хусусан, махсус профилактик тадбири доирасида Бўка, Тошкент, Бекобод, Чиноз туманлари ва Ангрен ҳамда Чирчиқ шаҳарларида турли хилдаги бир неча пиротехника воситаларини олиб юрган ҳамда фойдаланган фуқаролар аниқланди.

Мазкур йўналишдаги профилактик ва тезкор тадбирлар давом этмоқда ва маҳаллалар, таълим муассасаларида аҳоли ва ёшларга тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.