Ҳар йили Янги йил байрами яқинлашгани сайин одамларда, айниқса, ёш болаларда пиротехника воситаларига бўлган қизиқиш кучаяди. Бу гарчи тақиқланган бўлса-да, айрим “тадбиркорлар” пиротехника воситалари савдосидан мўмайгина даромад олиш пайига тушиб қолади.
Шу кунларда ён-атрофимизда пиротехника воситалари фаол ишлатилаётгани, яъни пақилдоқлар овози кўпайиб қолгани кузатилмоқда. Энг ёмони, ушбу воситаларнинг фарзандларимиз соғлигига, ҳаётига хавф туғдиради.
Табиийки, бундай вазиятларда тезкор тадбирлар ўтказиш орқали пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб кирилишига қарши кураш олиб борилади.
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника воситалари айланишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш соҳасида самарали давлат назоратини ўрнатиш, ноқонуний айланишининг олдини олиш, пиротехника воситалари намойиш қилинадиган маданий-томоша тадбирларини ўтказишда хавфсизлик чора-тадбирларини кучайтириш юзасидан тарғибот-ташвиқот тадбирлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, 2021 йил 1 декабрдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника буюмлари муомаласи соҳасида давлат назоратини кучайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, хавфлиликнинг II классига тегишли маиший пиротехника буюмларининг жисмоний ва юридик шахслар томонидан яратилиши, ишлаб чиқарилиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши, ташилиши, реализация қилиниши, сотиб олиниши, сақланиши ва фойдаланилиши тақиқланган.
- Гарчи пиротехника воситаларини ноқонуний олиб кириш, сақлаш, ташиш ва ундан фойдаланиш бўйича жавобгарлик масаласи қатъий кўрсатиб ўтилган бўлса-да, айрим фуқаролар осон йўллар билан пул топиш мақсадида ноқонуний фаолият билан шуғулланиб келмоқда, - дейди Навоий вилояти божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими катта тезкор вакили Азиз Очилов. - Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар давомида 14 та ҳолатда қиймати 115 миллион сўмлик қарийб 213 минг дона пиротехника воситалари аниқланган. Ўтган йили эса 17 та ҳолатда қиймати 90,2 миллион сўмлик миқдори 179,5 минг дона пиротехника воситаси аниқланган эди. Аниқланган ҳолатларларнинг барчаси бўйича жавобгарлик белгиланган.
Албатта, пиротехника воситалари ашёвий далил сифатида олингандан кейин Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори талабларига мувофиқ ваколатли орган мансабдор шахси томонидан бир сутка муддатда мол-мулкни сақлаш учун жойлаштириш масаласи ҳал қилинади.
- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддасига мувофиқ, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва олиб чиқиш ёки ўтказиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилинган ҳолда энг кам иш ҳақининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, - дейди вилоят божхона бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Акбар Ризоқулов. - Жиноят кодексининг 250-1-моддасида эса бундай қилмишлар содир этганлар учун унинг ким томонидан содир этилгани ва қандай оқибатларга олиб келганлигига қараб турли жазо чоралари, жумладан, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.
Аниқланган пиротехника воситалари йўқ қилиб ташлаш тўғрисидаги суд қарори кучга киргандан сўнг тегишли идоралар билан ҳамкорликда ўрнатилган тартибда йўқ қилинади.
А.Бўриев, ЎзА