Жиззах вилояти божхона бошқармаси тезкор ходимлари томонидан Дўстлик ҳамда Шароф Рашидов туманларида ўтказилган тезкор тадбир натижасида пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Пиротехника воситаларининг ноқонуний савдоси, айниқса, янги йил байрами арафасида авжига чиқиши, шубҳасиз. Ана шундай қонунбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Дўстлик туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида Мирзачўл – Дўстлик йўлидан ҳаракатланиб кетаётган юк машинаси белгиланган тартибда тўхтатилиб, кўздан кечирилганда бошқа товарлар орасига яширинча жойланган 4 турдаги жами 232 минг 312 дона пиротехника воситаси борлиги аниқланди.

Шунингдек, Шароф Рашидов туманида яшовчи Ш. К. исмли фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида унинг уйидан 4 турдаги жами 126 дона пиротехника воситаси топилди. Ўтказилган 2 та тезкор тадбир давомида жами 232 минг 438 дона, қиймати 60 миллион сўмлик пиротехника воситалари аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Шунингдек, ушбу туманда яна бир шунга ўхшаш ҳолатнинг олди олинди. Аниқроғи, “Nexia-3” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, тегишли тартибда кўздан кечирилганда унинг юкхонасида жами 68 дона “салют” номли хавфли пиротехника воситаси борлиги маълум бўлди.
Ҳозир юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари