French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
PIRLS бўйича ўқув-тренинг ўтказилмоқда
15:01 / 2026-01-06

Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида PIRLS халқаро тадқиқоти доирасида ўқиш саводхонлигини баҳолаш ҳамда уни ривожлантириш масалаларига бағишланган ўқув-тренинг ўз ишини бошлади.

PIRLS тадқиқоти ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлиги ва ўқиб тушуниш даражасини баҳолайди. Ушбу кўникмаларни ривожлантиришда эса, аввало, ўқитувчининг касбий салоҳияти ҳал қилувчи аҳамият касб этади.  

Шу сабабли, педагогик маҳорат марказларида фаолият юритаётган директор ўринбосарлари ҳамда 39 нафар бошланғич таълим мутахассислари учун махсус ўқув-тренинг ташкил этилмоқда. Мазкур мутахассислар иштирокида жорий йилнинг март ойига қадар тадқиқотда қатнашадиган мактаблар учун 550 нафар бошланғич синф ўқитувчиларига мўлжалланган 18 соатлик тренинглар ўтказилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, 15 минг нафардан ортиқ ўқувчилар учун амалий машғулотлар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Тренинг ва амалий машғулотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўқитувчилар учун “PIRLS 2026 баҳолаш концепцияси” ҳамда “PIRLS тадқиқотини дарсларда қўллаш” номли қўлланмалар, ўқувчилар учун эса 8 та машқ дафтари ишлаб чиқилган. Шунингдек, махсус онлайн платформа яратилган.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, таълим сифати, педагог касбининг нуфузини ошириш ҳамда ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш таълим соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, халқаро баҳолаш тадқиқотларида иштирок этиш орқали таълим тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш ва уни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон мактаблари 2021 йилда илк бор PIRLS халқаро тадқиқотида иштирок этган. Ушбу тадқиқот натижалари ўқувчилар, мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилар салоҳиятини янада ривожлантириш зарурлигини кўрсатиш билан бирга, таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим таҳлилий маълумотларни тақдим этди.

[gallery-27004]

Айни пайтда Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) билан ҳамкорликда дунёнинг 60 та мамлакати қаторида юртимиз мактаблари PIRLS тадқиқотида иккинчи бор иштирок этмоқда.

Маълумот учун, PIRLS халқаро тадқиқотида ўқувчиларга бадиий ва ахборот матнлари тақдим этилади. Тадқиқот ўқувчиларнинг матнда очиқ ифодаланган маълумотларни аниқлаш, уларни ажратиб олиш, матн асосида тўғридан-тўғри хулоса чиқариш, ғоя ва ахборотларни талқин қилиш ҳамда уйғунлаштириш кўникмаларини баҳолашга қаратилган.

Тадқиқотда иштирок этиш учун репрезентативлик ва тасодифийлик тамойиллари асосида ҳудудлардан 164 та мактаб танлаб олинган бўлиб, унда 4-синфда таҳсил олаётган 5 минг 600 нафардан ортиқ ўқувчининг иштирок этиши режалаштирилган. Шунингдек, тадқиқотнинг тажриба-синов босқичи 2025 йил 5–30 май кунлари ўтказилиб, унда 30 та мактабдан 1 минг 471 нафар ўқувчи қатнашган эди.

Тренинг 8 январь кунига қадар давом этади. Унда PIRLS тадқиқотининг асосий тушунчалари, тадқиқот натижаларига асосланган амалий ёндашувлар ҳамда очиқ эълон қилинган PIRLS матнларини test.avloniy.uz электрон платформаси орқали дарс жараёнларида қўллаш усуллари ўрганилади.

Мазкур тренинглар ўқувчиларда ўқиш саводхонлигини ривожлантириш, шунингдек, келгусидаги масъулиятли халқаро тадқиқотларга пухта тайёргарлик кўришда муҳим аҳамият касб этади.

Жавоҳир Тошхўжаев,  

Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА