English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"PIRLS–2026": Пахтакорда халқаро тадқиқотга тайёргарлик
13:53 / 2026-01-22

Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги 19-сонли умумтаълим мактабида “PIRLS–2026” халқаро тадқиқотига тайёргарлик ишлари бошланди. Шу муносабат билан мактабда 4-синф ўқувчиларининг ота-оналари иштирокида махсус йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда ота-оналарга тадқиқотнинг мақсад ва вазифалари, уни ўтказиш тартиби ҳамда ўқувчилар иштирокининг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Асосий мақсад — ота-оналарни халқаро тадқиқот жараёни билан таништириш, уларнинг бу борадаги саволларига ойдинлик киритишдан иборат бўлди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “PIRLS” (Progress in International Reading Literacy Study) — бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлиги, матнни ўқиб тушуниш ва фикрлаш кўникмаларини баҳолашга қаратилган халқаро тадқиқотдир. У ҳар беш йилда бир марта ўтказилиб, дунё бўйлаб 60 дан ортиқ мамлакатда амалга оширилади.

Ўзбекистон мазкур тадқиқотда 2021 йилдан буён иштирок этиб келмоқда. “PIRLS–2026” тадқиқоти орқали ҳам юртимизда бошланғич таълим сифати халқаро мезонлар асосида ўрганилади ва баҳоланади.

Эътиборли жиҳати шундаки, тадқиқотда иштирок этувчи мактаблар махсус халқаро талаблар асосида, тасодифий танлаш усули орқали аниқланади. Шу тарзда Ўзбекистон бўйича танлаб олинган 164 та мактаб қаторида Пахтакор туманидаги 19-сонли умумтаълим мактаби ҳам киритилди. Бу танлов фақат мактабнинг алоҳида ютуғи эмас, балки мамлакат таълим тизимининг умумий ҳолатини холис акс эттиришга хизмат қилади.

Мутахассислар таъкидлашича, “PIRLS” тадқиқоти натижалари ўқиш саводхонлигини ошириш, таълим жараёнини такомиллаштириш ҳамда бошланғич таълимда самарали услубларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.

А. Қаюмов, ЎзА мухбири