Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пиллакорларнинг малакаси оширилмоқда
14:56 / 2024-07-12

Шу кунларда республикамиз бўйлаб агроном ва пиллачилик мутахассислари учун ўқув-семинарлари ташкил этилмоқда.

Мазкур ўқув-семинарлари Президентимизнинг жорий йил 3 майдаги “Пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида бозор механизмларини жорий қилишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ипакчилик илмий тадқиқот институти ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.  

Шу каби саминарлардан бири Андижон вилоятидаги Андижон қишлоқ хўжалиги агротехнологиялари институтида бўлиб ўтди. Унда Наманган, Фарғона ҳамда Андижон вилоятида фаолият олиб бораётган агроном ва пиллачилик мутахассислари жалб этилди. Шунингдек, ҳудудлардаги оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари, пилла етиштириш билан шуғулланувчи кластер, фермер хўжаликлар масъуллари, касаначи ва пиллакорлар қатнашди.    

Семинар қатнашчиларига пиллани Вьетнам ва Хитой тажрибаси асосида саноат усулида етиштиришни йўлга қўйиш, пилла етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, хонадонларга тарқатилган пилланинг тўғри парваришини йўлга қўйиш, ўрма тутзорлар ташкил қилиш ва уй шароитида тайёр ипак ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тушунчалар бериб ўтилди.  

Шунингдек, пилла етиштиришда ипак қуртини танлаш, уни инкубациядан чиқариш ва иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни ипак қуртини янги агротехник қоидалар асосида парваришлашга жалб қилиш, бу орқали пиллачиликдан олинадиган даромад ва маҳсулдорликни ошириш хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ипак қуртининг инкубаторияда жонланиши ва ундан кейинги босқичларда тўғри парвариш этилишига эътибор берилиши лозимлиги айтилди. Ўқув курсида қатнашганларга махсус сертификатлар тақдим этилди.  

Мазкур семинар республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилмоқда.  

Гулноза Бобоева,  

ЎзА