Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пиллакорлар теримга киришди
12:50 / 2023-05-11

Бухоро вилояти Шофиркон туманида илк мавсумда 2 минг 965 қути ипак қурти парваришланди. Айни кунларда ҳудуддаги қабул масканлари пиллакорлар билан гавжум. Шу кунларда пиллакорлар етиштирган ҳосилни хирмонга топшириб, меҳнатларига яраша ҳақ олмоқда.

– Пилла мавсумида тумандаги ўн тўртта ҳудуддаги инкубаторияларда 1 минг 744 та оилавий звено ва касаначиларга 2 минг 965 қути ипак қурти тарқатилган бўлса, ҳудудларга ҳар 250 қути уруғ парвариши учун малакали агрономлар бириктирилди, – дейди “Gijduvon Ipak tola” МЧЖнинг Шофиркон туманидаги вакили Иброҳим Ашуров. – Мавсум олдидан пиллакорларга ҳудуддаги 350 гектардан ошиқ тутзор тақсимлаб берилди. Биринчи мавсумда 217 тонна ҳосил етиштиришга замин яратилди. Айни пайтда Саврак ҳудудидаги “Шофиркон пилла қабул қилиш маскани” қимматбаҳо саноат хом ашёсини етиштирган миришкорлар билан тўлмоқда.

Бу жараёнда бевосита туман ҳокими Алишер Файзуллаев ва масъуллар иштирок этди. Хирмонга барака тилаб, етиштирилган ҳосил тарозига қўйилди. Шофирконлик фаол ва меҳнатсевар пиллакорларнинг ипак қуртини парваришлашдаги ютуқлари эътироф этилди.  

Шу ерда илғор пиллакорлар, инкубист, агрономлардан бир гуруҳига совғалар топширилди, ипак қуртини агробиологик тартибда жонлантиришда қўшган ҳиссаси учун Садаф Бекмуродовага телевизор совға сифатида тақдим этилди. Ипак қурти қабул қилишда ҳар бир касаначи оиласига ҳар бир қути ипак қурти учун 500 минг сўмдан рағбат пули берилгани, пиллани қабул масканига топширишда режадан орттирилган ҳар килограмм пилла учун қўшимча 40 минг сўмдан мукофот пули берилаётгани пиллакорларга куч-қувват бағишламоқда.

Мавсумнинг илк кунларидан Мазлахон Чандир, Дўрман, Жўйнав, Алишер Навоий каби ҳудудлар пиллакорларининг улуши салмоқли бўлмоқда. Жумладан, чандирлик Муниса Мансурова бир қути ипак қуртидан 90 килограмга етказиб, Шоҳсанам Ашурова 121 килограм, Алишер Навоий ҳудудидан Вазира Восидова 150 килограмм, дўрманлик Амрилло Набиев 107 килограмм, жўйнавлик Савриддин Бадалов 100 килограмга етказиб ҳосил топширишиб, 400 минг сўмдан 1 миллион 500 минг сўмгача қўшимча мукофот пулини олишди.  

 

Зариф КОМИЛОВ, ЎзА