Пиллакорлар муносиб рағбатлантирилмоқда
Самарқанд вилояти пиллакорлари жорий йилда Хитойдан келтирилган ҳамда маҳаллий пилла уруғчилиги корхоналарида тайёрланган 50 минг 700 қути ипак қуртини парваришламоқда.
Самарқанд вилояти пиллакорлари жорий йилда Хитойдан келтирилган ҳамда маҳаллий пилла уруғчилиги корхоналарида тайёрланган 50 минг 700 қути ипак қуртини парваришламоқда.Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтариб, пиллачилик корхоналари ва пилла етиштирувчилар учун кенг имкониятлар яратди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва ҳудудларда пиллачилик тармоғи корхоналари фаолиятини мувофиқлаштирадиган бешта минтақавий жамият, туманларда эса “Агропилла” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилди. Ушбу корхоналарга бир қатор солиқ имтиёзлари берилди. Шунингдек, ипак қурти парвариши билан машғул бўладиган касаначилар, фермерлар ва бошқа фуқароларга ҳам кўплаб енгиллик ва имтиёзлар тақдим этилди. Уй шароитида пилла етиштириш билан шуғулланадиган фуқаролар даромад солиғидан озод қилинди. Бир пилла мавсуми пиллачиларга пенсия тайинлашда бир йиллик иш стажи сифатида ҳисобланадиган бўлди.
Вилоятнинг Булунғур туманида ҳам мавсум юмушлари қизғин давом этмоқда.
– Бу йил фермер хўжаликлари ва аҳолига хориждан келтирилган, юқори сифатли пилла берадиган 1900 қути ипак қурти тарқатилди, – дейди “Булунғур агропилла” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Алмамат Абдуллаев. – 2200 дан ортиқ фермер ва оилавий звенолар билан шартнома имзоланиб, уларга зарур жиҳозлар етказиб берилди. Ипак қурти уруғи парвариши учун олдиндан бўнак пули тарқатилди. Пилла қабул қилиш жараёни бошланиши арафасида фермер ва пилла етиштирувчилар моддий рағбатлантирилиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.
Вилоятдаги "Агропилла" жамиятларида жорий йил қишлоқ хўжалик мавсумининг илк ҳосилини қабул қилиш ва қайта ишлаш корхоналарига етказиб бериш учун барча шароитлар яратилган.