Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов Сирдарё вилояти Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ўролова билан тумандаги баҳорги ипак қурти уруғларини парваришлаш мавсуми жараёнларини ўрганди.

Қайд этилишича, пилла боқувчи ҳар бир хонадон инкубаториянинг ўзидан 9 кунда 2 миллион 500 минг, пилладан 24 кунда 29 миллион 500 минг фойда кўради. Умумий олганда бир хонадон 33 кунда ўртача 32 миллиондан ортиқ даромад олмоқда.
Шунингдек, пиллакорга 14 гектар ер берилган бўлиб, ундаги тутзорлар орасига экилган маҳсулотлардан ўзи фойдаланади.

Қўмита раиси тумандаги тадбиркорлар билан учрашиб, Президентимизнинг жорий йил 7 апрель куни вилоятга ташрифи доирасида билдирган иқтисодий зоналар яратиш таклифларига мувофиқ Боёвут туманида Пиллани қайта ишлаш корхонаси қуриш бўйича маслаҳатлашиб олинди.
Унга кўра, йил якунигача ушбу режани амалга ошириб, пиллани қайта ишлаш корхонасини қуриб битказишга келишиб олинди. Мазкур корхона ишга тушиши натижасида туманда янги иш ўринлари яратилади. Экспортга чиқариладиган товарлардан тушган маблағ ҳам тўлиқ туман фойдасига қолади.

Шу билан бир қаторда қўмита раиси инкубаторияларда жонлантиришга қўйилган ипак қурти уруғлари ҳолатини ўрганиб, инкубистларга эсдалик совғаларини тақдим этди.
Гулноза Бобоева, ЎзА