Президент ташаббуслари – амалда
Қишлоқ жойларда баъзи оилалар ҳар мавсумда пилла парвариш қилади. Улар билан гаплашсангиз, ипак қурти гўдакдай нозик ва эътибор талаб қилади, дейишади.
Пиллахонанинг ҳарорати ва озодалиги ёши улуғларнинг доимий назоратида бўлишини кўрганмиз. Бундай хонада бир маромда, сезилар-сезилмас чиқир-чиқир, шитир-шитир овозлар эшитилиб туради. Гўё ҳаётнинг нафаси келиб тургандай бўлади.
Бу жойга кўчадан келган ҳар қандай одам истаган пайт кириб чиқавермайди. Ҳатто тут баргини солиш ишига ҳам бир-икки кишигина масъул бўлади. Лекин пиллахонадан ташқарида – ҳовлида ҳаёт қайнайди. Қариндош-уруғ, қўни-қўшни кўмакка келади. Ҳам иш боради, ҳам дилдан суҳбатлар бўлади.
Пиллачилик халқимизнинг турмуш тарзига йиллар давомида ана шундай сингиб кетган. Бу меҳнат орқали оилалар ризқ топган, қўни-қўшнининг ҳамжиҳатлиги мустаҳкамланган. Қизларга чеварлик, йигитларга масъулият ўргатилган. Ипак эса азал-азалдан буюк нафосат ва миллий зеб рамзи сифатида қадрланиб келган.

Бугунги кунда қишлоқларда аввалгидек барча бирдек пилла боқмаслиги мумкин. Лекин бу анъана йўқолиб кетгани йўқ. Парваришлаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, маҳсулот тайёрлаш ва экспортга чиқариш каби босқичларга замонавий технологиялар татбиқ этилаётгани эътиборга молик.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ипак ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи давлатлар сирасига киради. Бугун пилла етиштирувчи тадбиркор ва фермерларга етарли шароитлар яратишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
– Президентимиз ипакчилик соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди, – деди қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов. – Бу борадаги режалар қайта кўриб чиқилди. Давлатимиз раҳбари ипакчилик катта қўшимча қиймат яратадиган соҳа эканини алоҳида таъкидлади. Аввало озуқа базасини мустаҳкамлаш зарурлигига урғу бердилар. Тутзорларни янгилаш, янги тутзорлар яратиш, фермер ва деҳқон хўжаликларига ҳудудга мос кўчатларни етказиб бериш бўйича топшириқлар берилди. Бу жуда муҳим. Чунки озуқа базасининг ҳолатига қараб соҳа ривожланади.
Кейинги эътибор қаратилган масала ипак қурти уруғларини етиштириш бўлди. Ҳозирги кунда 70 фоиз уруғлар импорт қилинади. Бу эса мавжуд генофонд имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётганини кўрсатади. Шу боис ушбу йўналишда ҳам қатор топшириқлар олдик. Топшириқлар ижроси бўйича молиявий манбалар аниқ кўрсатилганини алоҳида таъкидлашимиз керак.
Тақдимотда шунингдек, маҳаллий уруғларнинг улушини 4–5 йилда 75 фоизга етказиш имкони борлиги қайд этилди. Бунинг учун наслли уруғчилик станциялари фаолиятини тиклаш зарурлиги таъкидланди.

Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги наслли уруғчилик станцияларида элита уруғлар тайёрлашни йўлга қўйиш, мавжуд 10 та ипак қурти уруғчилик корхонасига қўшимча янги корхоналар ташкил этиш режалари ҳақида ахборот берилди.
Юқорида айтилганидек, пилла сифатини ошириш учун озуқа базасини яхшилаш зарур. Шу мақсадда 2030 йилгача озуқа базасини босқичма-босқич кенгайтириш режалаштирилган. Жумладан, 8 минг гектарда янги тутзорлар барпо этилади, яна 41 минг гектардан ортиқ майдонда якка қатор тут кўчатлари экилади. Шунингдек, 15 минг гектар тутзор реконструкция қилинади.
Муҳим жиҳати, пилла етиштириш ҳажмлари озуқа базасини таҳлил қилиш асосида прогноз қилинади.
Сўзимиз бошида айрим оилаларнинг пилла парвариши бўйича узоқ йиллик тажрибаси борлигини қайд этган эдик. Тақдимотда кам даромадли ва ижтимоий реестрга киритилган оилаларни пиллачиликка жалб қилишга эътибор қаратилиши таъкидланган. Бу орқали улар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланади.
Жорий йилдан бошлаб “маҳалла еттилиги” орқали аҳолига бир килограмм пилла қийматининг 35 фоизи миқдорида субсидия, парваришлаш жиҳозлари ва ускуналар хариди учун 20 миллион сўмгача ссуда ажратиш йўлга қўйилади.
Ишлар тўғри йўлга қўйилганда сифатли маҳсулот салмоғи ортиб боради. Бунинг учун бозорлар зарур. Тақдимотда экспортда тайёр маҳсулот улушини ошириш, янги бозорларни ўзлаштириш, миллий брендларни шакллантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳам белгилаб олинди.
Президент ташаббуслари бу соҳани замонавий технологиялар асосида янгича босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Озуқа базасини янгилаш, уруғчиликни маҳаллийлаштириш ва чуқур қайта ишлашни кенгайтириш орқали экспорт салоҳияти ошади. Аҳолининг даромад манбалари кўпаяди.
Энг муҳими, кам даромадли оилаларни пиллачиликка жалб қилиш, субсидия ва имтиёзларни кенгайтириш орқали ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг самарадорлиги ортмоқда. Бу нафақат иқтисодий, балки ижтимоий жиҳатидан ҳам муҳим аҳамитга эга.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири