Маълумки, юртимиз ипак ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Хитой ва Ҳиндистондан кейин дунёда учинчи ўринни эгаллайди. Шу жиҳатдан ипак валюта тушумларининг ишончли манбаи ҳисобланади. Соҳадан олинаётган ҳосилнинг 70 фоизи хомашё, қуритилган пилла, ипак калава ва мато кўринишида Ҳиндистон, Эрон, Хитой, Бангладеш, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия ва Россия каби мамлакатларга экспорт қилинади.
Бундан ташқари, пиллачилик қишлоқ жойларидаги кўплаб оилалар бандлигини таъминлаб келмоқда.

Пиллачиликнинг ривожланиш босқичларини таҳлил қилиш мақсадида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси в.б. И.Сайфуллаев бошчилигида ҳудудий “Агропилла” МЧЖ раҳбарлари ҳамда пиллачилик кластерлари иштирокида видеоконференция шаклида йиғилиш ўтказилди.

Унда экспорт прогнози ижроси ва таҳлили, маҳаллий ва хорижий уруғ бўйича қарздорликларни бартараф этиш, тўлов ва ижро интизоми каби масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари танқидий тарзда муҳокама қилинди. И.Сайфуллаев ҳар бир корхона ўз мажбуриятларини ўз вақтида бажариши шартлигини таъкидлади. Шунингдек, аниқланган камчиликларни тезкор бартараф этиш топшириқлари берилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА