Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пиллачилик соҳасига замонавий техналогиялар татбиқ этилмоқда (+видео)
15:17 / 2024-03-25

Маълумки, мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалишида пиллачилик соҳасининг ҳам ўз ўрни бор. Шу боис юртимизда пиллачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Президентимиз раислигида жорий йил 12 февраль куни қишлоқ хўжалигида янги захираларни ишга солиш ҳамда 2024 йилги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ипакчиликни ривожлантириш, соҳада амалга оширилиши зарур бўлган муҳим ишлар юзасидан бир қатор топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди.

Шунга кўра, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ва "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси, вилоят ҳокимликлари ҳамкорлигида республикамизнинг барча ҳудудларида пиллачилик тармоғини ривожлантириш, соҳада аёллар фаоллигини янада оширишга қаратилган амалий семинарлар ўтказилди.

Унда ҳудудлардаги оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари, пилла етиштириш билан шуғулланувчи кластер, фермер хўжаликлар масъуллари, касаначи ва пиллакорлар қатнашди.

Хусусан, Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ҳамда Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Иқболжон Эргашев бошчилигида "Ипакчилик соҳасини ривожлантиришнинг янги босқичлари ва йўналишлари" мавзусида ҳудудий илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинар қатнашчиларига вилоятда пиллани Вьетнам ва Хитой тажрибаси асосида саноат усулида етиштиришни йўлга қўйиш, пилла етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, ипак қуртини хонадонларга тарқатиб, ўрма тутзорлар ташкил қилиш ва уй шароитида тайёр ипак ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тушунчалар бериб ўтилди.

Семинар доирасида меҳмонлар "Водий маржони" кўп тармоқли қайта ишлаш корхонаси, "Исмоилжон гиламлари" гиламчилик корхонасига ҳамда тутчилик плантациясидаги иш жараёнлари билан таништирилди.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри ҳамда Денов туманларида пиллачилик соҳасида замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш юзасидан ўқув-семинари бўлиб ўтди.

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/STrcUNecR9s" title="Pillachilik sohasiga zamonaviy texnologiyalar tatbiq etilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Тадбирда қайд этилганидек, вилоятда 110 минг нафардан ортиқ хотин-қиз ипак қурти боқишга жалб қилинади. Ипакчилик билан шуғулланувчи 3 та кластер ва фермер хўжалиги билан пилла етиштирувчи хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш ва қўшимча рағбатлантириш борасида ҳамкорликда иш олиб борилади.

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида ҳам пиллачилик соҳасидаги замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш юзасидан ўқув-семинар ўтказилди. Семинарда пилла етиштиришда ипак қуртини танлаш, уни инкубациядан чиқариш ва иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни ипак қуртини янги агротехник қоидалари асосида парваришлашга жалб қилиш, бу орқали пиллачиликдан олинадиган даромад ва маҳсулдорликни ошириш хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мутахассислар томонидан туманлардаги маҳаллалардан «Лидер аёллар»ни танлаб олиш, уларнинг ҳар бирига камида 50-80 нафардан ишчи аёллар бригадаси бириктирилиши режа қилинди. Натижада эса 2 минг 100 нафардан зиёд аёлнинг мавсумий бандлигини таъминлаш кўзда тутилгани қайд этилди.

Бухоро вилояти туман ва шаҳарларида бўлиб ўтган ўқув-семинарларда ҳам ипак қурти уруғлари инкубациясини ташкил этиш ва парваришлашнинг асосий талаблари, пилланинг озуқа базасини ривожлантиришда интенсив тутзорлар барпо этиш ҳамда агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказишнинг афзалликлари айтиб ўтилди. Бунда Вьетнам тажрибасидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиладиган бўлди.

Жумладан, Вьетнам ва Хитой тажрибаси асосида саноат усулида ипак қурти боқиш, пилла етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, ўрма тутзорлар барпо этиш ва уй шароитида тайёр ипак ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек бу каби семинарлар Биринчи босқичда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда, иккинчи босқичда барча туманларда ўтказилди. Таъкидланганидек, бу йил биринчи босқичда пилла нархи 25 фоизга оширилади.

Аҳолига пилла етиштириш учун субсидия берилади ва пилла етиштирувчилар даромад солиғидан озод қилинади.

Иккинчи босқичда 2025 йилдан нархни давлат белгилаши, кластерларга муайян туман ва фермерлар бириктирилишидан воз кечилади. Пилла фермер билан кластер ўртасида эркин нархда тузиладиган шартнома асосида ёки биржа орқали сотилади.

Шунингдек, семинарларда пилла етиштиришда ипак қуртини танлаш, уни инкубациядан чиқариш ва иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни мазкур фаолият билан шуғулланишга жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Маҳаллаларда пиллачиликда катта тажрибага эга хотин-қизлар орасидан «лидер аёллар» сараланиб, ипак қуртини янги агротехник қоидалар асосида парваришлашга ўқитилади.

Сўнгра улар ўрганганлари ва ўз тажрибаларини маҳалладаги бошқа аёлларга ўргатади. Бу орқали ишсиз хотин-қизлар бандлиги таъминланади, улар даромад манбаига эга бўлади.

Тадбир қатнашчиларига соҳа мутахассислари томонидан кўргазмали тақдимот намойиш этилди.

Бир гуруҳ пиллакорлар эсдалик совғалари билан мукофотланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА