Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам айни кунларда етиштирилган пиллани топшириш жараёни жадал давом этмоқда.
Қарор ва ижро
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам айни кунларда етиштирилган пиллани топшириш жараёни жадал давом этмоқда.
Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлиги ва “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилда пиллачилик соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда туманда мавжуд 193,3 гектар майдондаги тут плантациясида боқиш учун 2 минг 164 қути хорижий ипак қурти уруғи Хитойдан олиб келиниб, 119 тонна пилла ҳосили учун контракция шартномалари тузилган.
– Аввалги йилларда 357 минг якка қатор тутлар мавжуд бўлиб, шундан ҳозирги кунга қадар 120 минг тут кўчати яроқсиз ҳолатга келиб қолган, – дейди туман “Агропилла” МЧЖ раҳбари Сирожиддин Жалилов. – Президентимизнинг 2020 йил 17 февралдаги “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича ҳудудда тутзорларни кенгайтириш ва тутчилик фермер хўжаликлари ташкил қилиш учун 150 гектар майдонда янги тутзор ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.
Хитойнинг “WUZIBIEKE SUFEEL SILK DEVELOPMENT” LTD компанияси вице-президенти Робин Лининг маълумотига кўра, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан ипак қурти Хитойдан олиб келинди. Жорий йилда 1 қути ипак қуртида ўртача 55 килограмм пилла ҳосили мўлжалланган бўлса, амалда ҳосилдорлик 75 килограммгача ортмоқда. Бунга асосий сабаблардан бири ёғингарчиликнинг кўп бўлиши ва тут баргларини доимий равишда ювиб турилганидир. Кунларнинг исиб кетмагани эса тут баргларининг қотиб қолмаслиги, ипак қуртининг яхши озиқланиши ва уйқуси яхши бўлишига имкон яратди.
“Ёриқ” маҳалласида яшовчи Искандар Утегенов турмуш ўртоғи Мавжуда опа билан пенсияга чиқишга оз муддат қолишига қарамасдан етарли меҳнат стажига эга эмас эди. Улар туман ҳокимлигининг таклифини қабул қилиб, ипак қурти уруғини олган эди. Натижада 1 ойлик меҳнати эвазига 1 йиллик меҳнат стажи ва қўшимча даромадга эга бўлди. Оилавий касаначилар туман хирмонига 300 килограмм пилла ҳосили топширди.
Мавсум бошлангандан буён тумандаги фермер хўжаликлари ва касаначилар 15 қутигача ипак қурти уруғини олиб, парваришлади. Биринчилардан бўлиб юқори хосил топширилиши бу йилги хирмоннинг баракали бўлишидан далолат беради.
Айтиш лозимки, 2020 йил мавсуми учун “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси етиштириладиган пиллаларни тавсиявий харид нархларини эълон қилган. Унга кўра, биринчи нав 1 килограмм тирик пилланинг харид нархи 34 минг 248 сўм деб белгиланди.
Айни кунларда ипак қуртини иккинчи босқичда аҳолига тарқатиш ишлари давом этмоқда. Жумладан, “Майрамкўл” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Муқаддас Алимова 2 қути ипак қурти олди. Бу каби ипак қурти боқувчиларига туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан меҳнат дафтарчалари юритилиб, 1 йиллик меҳнат стажи ҳам ёзилади.
Қишлоқ ҳудудларда ишсиз бўлган оилалар ипак қуртини йил давомида 3-4 маротаба парваришлаб, даромад олиши мумкин. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида фермер хўжалиги тут баргларини олиб келиш учун транспорт билан таъминлайди. Ҳозирги кунга қадар биринчи босқичда аҳолига 1 минг 500 қути ипак қурти тарқатилган бўлса, иккинчи босқичда 664 қути тарқатилади.