Сирдарё вилояти Оқолтин туманида бу йилги пилла ҳосилини йиғиб олиш ишлари жадал суръатда давом этмоқда. Жорий мавсумда туман пиллакорлари 1383 қути ипак қурти парваришлаб, 83 тонна “кумуш тола” етиштиришни мақсад қилишган.
Аҳиллик маҳалласидаги пилла қабул қилиш масканларида фаол меҳнат жараёни яққол кўзга ташланмоқда. Пиллачилик орқали, айниқса, хотин-қизлар учун қўшимча даромад манбалари яратилаётгани диққатга сазовор.

Мазкур тадбир муносабати билан туман оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Шоира Қаршибоева пилла теримида қатнашаётган касаначи аёллар билан учрашди. У меҳнаткаш аёлларнинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, дастлабки хирмонларига барака тилади.
– Пиллачилик нафақат миллий анъаналаримиздан бири, балки аёллар учун оилавий бюджетни мустаҳкамлаш ва тадбиркорлик салоҳиятини намоён этишда муҳим воситага айланмоқда. Тумандаги минглаб хотин-қизлар ушбу соҳа орқали иқтисодий фаол аҳоли қатламининг муҳим қисмига айланмоқда, – деди Ш. Қаршибоева.

Учрашув давомида тажрибали пиллакорлар ўз билим ва кўникмалари билан ўртоқлашди, маҳсулдорликни ошириш ҳамда пиллачиликни замонавий бизнесга айлантиришга доир тавсиялар беришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири