“Ипакчилик соҳасини янги тизим асосида ривожлантириш ҳамда озуқа базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан пилла етиштирувчиларга (ипак қурти боқувчи ва касаначиларга) “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарори асосида пиллачилик кластери ҳақиқатда пилла учун тўлаб берган маблағларнинг 35 фоизи миқдорида субсидия ажратилади.
Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги балансидаги ер майдонларида ташкил этиладиган тутзорларда пилла кооперативи тузиш мақсадлари учун ушбу кооператив аъзоси ҳисобланадиган камбағал оилаларга (1 та оиланинг 1 нафар аъзосига фақат 1 марта) 4 миллион сўмдан субсидия ажратилади.
Ипак қуртини парваришлашда зарур бўладиган асбоб-ускуна ва жиҳозларни харид қилиш учун касаначиларга 3 йил муддатга БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда берилади.
Уруғчилик корхоналарига ипак қурти уруғларини тайёрлаш фаолиятига жалб этиладиган ҳар бир мавсумий ишчи ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 бараваридан ошмаган қисми компенсация қилиб берилади.
ЎзА