Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, айниқса, пиллачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан 10-15 йил олдин юртимизда бир йилда бир маротаба пилла етиштирилган бўлса, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бир йилда 3-4 марта ипак қурти боқилмоқда.
2017 йилдан буён йўлга қўйилган бу самарали усул нафақат “кумуш тола” хирмони юксалишига, балки касаначилик орқали ишсиз аҳолининг доимий даромад манбаига эга бўлишига ҳам замин яратмоқда. Олдин бу жараёнда аҳоли бор йўғи 35-40 кун давомида банд бўлган, бугунги кунда эса пилла етиштирувчи касаначилар соҳада 7 ой давомида узлуксиз меҳнат қилиб, даромад топмоқда.

Жорий йил пилла етиштириш куз мавсумида Фарғона вилояти бўйича 5 минг 870 қути ипак қурти парваришланиб, 234,8 тонна пилла хом ашёси етиштириш режалаштирилган. Бунинг учун вилоятнинг шаҳар-туманларидаги 8 минг 197 нафар касаначилар ўртасида 5 минг 870 қутига касаначилик шартномалари тузилди, 28 та инкубаторияларда ипак қурти уруғлари жонлантирилиб, касаначиларга тарқатилди.

Айни пайтда кузги пилла мавсуми қизғин давом этмоқда. Хусусан, Риштон тумани “Қўрғонча” маҳалла фуқаролар йиғини пиллакорлари “Риштон агропилла файз” масъулияти чекланган жамиятига 480 килограмм қимматбаҳо “кумуш тола” топшириб, шартномавий режани ортиғи билан бажарди. Маҳалла фуқаролар йиғинида жорий мавсумда фермер хўжаликлари ва касаначилар томонидан 12 қути ипак қурти парвариш қилинди. Шу тариқа 27 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланиб, оилавий даромади ўсишига эришилди. Улар учун зарур шароит яратилгани, моддий ва ижтимоий таъминотига алоҳида эътибор қаратилгани ўз самарасини берди. 3-4 мавсум пилла терими мавсуми бошқа туманларда ҳам давом этмоқда.

– Туманимиз бўйича 420 қути ипак қурти уруғлари тарқатилган. Ҳар бир қутидан 40 кило пилла етиштиришни мақсад қилганмиз, – дейди “Учкўприк Агропилла” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Кўпайсинхон Назарова. – Натижада 830 нафар касаначиларнинг бандлиги таъминланди. “Қурбонов Бунёджон тутзори” тутчилик хўжалиги касаначиси Адолатхон Қурбонова кўпчиликка ибрат бўлмоқда. Айни пайтда пиллани териб олиш ва қабул пунктларига етказиш ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Бир сўз билан айтганда, вилоятда “кумуш тола” етиштиришни янги босқичларга олиб чиқиш, ипак қурти учун озуқа базасини мустаҳкамлаш, меҳнаткашлар учун қулай меҳнат шароити яратишга катта эътибор қаратилмоқда.
М.Сулаймонов,
ЎзА