Бухоро вилояти Шофиркон тумани пиллакорлари биринчилардан бўлиб режани уддалади.
Улар жорий йил мавсумида баракали ҳосил етиштиришга муваффақ бўлди.
Туман пиллакорларига 3 минг 352 қути ипак қурти уруғи тарқатилди. Бугунга келиб пиллакорлардан 188 тонна “кумуш тола” хирмонини бунёд этиш режалаштирилган эди. Пировардида эса ҳосил салмоғи кутилганидан ҳам мўл бўлмоқда. Бу жараёнда айниқса, Денов, Мазлахон-Чандир, Боғиафзал, Дўрман ҳудудларидаги оилавий звенолари етакчилик қилиб, пешқадамлар сафида давлат шартнома режаларини ортиғи билан адо этди.

Туманнинг Дўрман ҳудуди пиллакорлари 19,8 тонналик режани 19,9 тонна қилиб бажарган бўлса, Денов ва Жўйрабод ҳудудлари пиллакорлари зиммаларидаги 19,8 тоннадан, жами 39,6 тонна ўрнига умумий “кумуш тола” хирмонига 40,2 тонна ҳосил қўшиб, меҳнат зафарига эришди. Тезгузар ҳудуди 17,2 тонна ўрнига 17,4, Боғиафзал ҳудуди 18 тонналик маррани 18,2 тонна, Саврак ҳудуди пиллакорлари 4,1 тонна ўрнига 4,3, Султон Жўра ҳудуди “кумуш тола” заҳматкашлари эса 8,2 тонналик режани 8,3 тоннага етказиб, бошқаларга ибрат бўлди.

Саноат учун қимматбаҳо хомашё етиштиришда бу йил “Мазлахон-Чандир” МФЙ даги фермер хўжаликлари ва улардаги оилавий звенолари томонидан 19,2 тонна ўрнига 19,5 тонна, Алишер Навоий МФЙ да ҳам худди шу режа 19,4 тонна, “Жўйнав” МФЙ да 14,8 тонналик режа 15 тоннага, “Искогаре” МФЙ да эса 16,6 тонна ўрнига 16,7 тонна, “Вардонзе” МФЙ да 11,3 тонна ўрнига 11,4 тонна миқдорида сифатли пилла олишга эришилгани катта ютуқ, албатта. Ана шу миришкорлар саъй-ҳаракати туфайли бу мавсумда туманда “кумуш тола” етиштириш бўйича белгиланган давлат шартнома режаси 188 тонна ўрнига 189,5 тоннага етказилиб, кўзланган “довон”дан ошиб ўтилди.
Қўрбонгли қишлоғида истиқомат қилаётган Ноила Тўхтаева раҳбарлигидаги моҳир пиллакорлар оилавий звеноси ўтган йилги, нисбатан оғир кечган пандемия даврида ҳам пилладан баракали ҳосил етиштириб, якунда мўмай даромадни қўлга киритган эди. Бу йил ҳам ана шу анъана бузилмади. “Мазлахон-Чандир” МФЙда фаолият юритаётган “Отабек Анвар” фермер хўжалиги тасарруфидаги Ноила Тўхтаева звеноси 4,5 қути ипак қурти парваришлаб, 270 килограммлик режани 438 килограммга етказишга муваффақ бўлди. Қўшимча топширилган 168 килограмм “кумуш тола” учун миришкорлар оиласи қабул маскани тарозиси бошида жами 5 миллион 40 минг сўм соф фойдани санаб олди. Албатта, бу ҳали даромаддан ташқари эришилган фойда.

– Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас, туманнинг “Саврак” маҳалласидаги пиллани қабул қилиш маскани шу кеча-кундузда пиллакорлар билан гавжум, – дейди буюртмачи корхона “Bukhara Brilliant Silk” МЧЖ нинг ҳудуддаги иш юритувчиси Иброҳим Ашуров. – Бу йилги мавсумда жами 159 та фермер хўжалиги ва ундаги оилавий звеноларга 1 минг 400 қути ипак қурти тарқатиб берилган бўлса, умумий ҳисобда 947 та оилавий звенода етиштирилган ҳосил бугунга келиб узлуксиз қабул пунктига топширилмоқда.
Режадан ташқари қабул қилинаётган пилланинг ҳар килограммига тарози бошида 30 минг сўмдан мукофот пули берилаётгани бир ойдан ошиқ машаққатли меҳнатнинг рағбатидир. Бундай эътибор ва ғамхўрлик туман далаларида ҳадемай бошланадиган ғалла ўрим-йиғими мавсумининг ҳам муваффақиятли кечишида туртки ва мадад бўлса, ажаб эмас.
Зариф Комилов, ЎзА