Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пичан ўриш учун онлайн рухсатнома олинади
16:41 / 2021-01-28

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори тизимни 2030 йилгача ривожлантириш бўйича барча йўналиш ва кўрсаткичларни белгилаб олишда дастуриламал бўлмоқда.

Бу ҳақда «Ўрмон хўжалиги соҳасида 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар натижадорлиги» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилди.

Концепция ижросини ташкил этиш мақсадида ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича Фанлар академияси ва бошқа илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда 100 дан зиёд илмий мавзулар юзасидан лойиҳалар ишлаб чиқилди.  

Ҳозир Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этилди. Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида доривор ўсимликларни етиштиришга ихтисослашган Ғаллаорол, Когон ҳамда Ургут ихтисослашган давлат ўрмон хўжаликлари тузилди. Дориворчилик кластерини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

– Жорий йилда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида фаолиятни рақамли технологиялар асосида электрон шаклга ўтказиш чоралари кўрилмоқда, – дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Ўктам Давронов. – Мисол учун, ўрмон фонди ерларини давлат-хусусий шериклик асосида ижарага бериш портали жорий этилади. Ижарага берилиши мумкин бўлган ер майдонларининг ҳолати бўйича ягона база яратилади. Шунда жисмоний ёки юридик шахслар томонидан яйловдан фойдаланиш бўйича бюрократик тўсиқлар, узоқ муддат кутиш, коррупция ҳолатлари бартараф этилади. Ўрмон фонди яйлов ерларида чорва молларини боқиш юзасидан рухсатнома тақдим этувчи барча учун очиқ бўлган шаффоф тизим яратилади. Жисмоний ва юридик шахсларга ижара тўловларини онлайн тўлаб бориш ҳамда ижара муносабатлари доимий мониторингини юритиш имконияти яратилади.

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясига асосан 2020-2022 йилларда қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги соҳаларини рақамли трансформация қилиш дастури доирасида ўрмон фонди майдонларида аниқланган ўрмон қонунбузарликларини онлайн тарзда расмийлаштиришнинг бирламчи дастури ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Муҳим янгиликлардан яна бири бу ўрмон фонди яйлов ерларида чорва молларини ўтлатиш, пичан ўриш учун онлайн билет (рухсатнома) бериш тизими жорий этилади.  

Тадбирда жорий йил якунига қадар ўрмон хўжаликлари иштирокида ўрмон маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган ўндан ортиқ кластерлар ташкил этилиши маълум қилинди.

Соҳага 8 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳисобидан 5 миллион доллар экспорт таъминланади, 2 миллион доллар миқдорида халқаро грант маблағлари ўзлаштирилади. Бу каби ишлар самарасида жорий йилда ўрмон фонди ерларида хусусий сектор билан биргаликда 500 миллиард сўмлик ялпи даромад олиниши кутилмоқда.

 

Сайёра Шоева,  

Ёқуб Мелибоев(сурат),  

ЎзА