Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пезешкиён ислоҳотга тайёрлигини маълум қилди
14:28 / 2026-01-12

Эрон ҳукумати қонуний норозилик ва тартибсизликни фарқлай олади ва лозим бўлган ҳар қандай ўзгаришни амалга оширишга тайёр. “Kazinform” ёзишича, бу ҳақда Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён халққа телевидение орқали қилган мурожаатида айтиб ўтган.

- Биз халқнинг овозини тинглашга тайёрмиз ва иқтисодий ислоҳотларни давом эттиришга қарор қилдик, - дея таъкидлаган сиёсатчи. Унинг таъкидлашича, намойишчилар иқтисодий вазият ёмонлашганидан норози. Бинобарин, улар бозорларга ўт қўймаган ёки бошқа жиноий ҳаракатлар содир этмаган.    

- Эрондаги тартибсизликни Америка ва Исроил уюштирмоқда, улар вазиятни беқарорлаштириш мақсадида ўз одамларига буйруқ бермоқда, - дейди Пезешкиён.        

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил 29 декабрда савдогарлар Теҳронда мамлакат миллий валютаси - риал курси кескин тушиб кетиши ортидан намойиш бошлади. 30 декабрь куни тартибсизликка талабалар қўшилди. Норозилик аксар йирик шаҳарларга тарқалди. 2 январга келиб кўчаларда номаълум қуролли шахслар пайдо бўлди. Тартибсизлик ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва одамлар ўртасида қуролли тўқнашувларга айланди.

Норозилик 8 январь оқшомида авжига чиқди. Ҳокимият ҳуқуқ-тартибот идораларининг 25 нафар ходими ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Теҳрон мэри Алиризо Заканий маълум қилишича, намойишчилар пойтахтдаги 25 масжидни ёқиб юборган, 26 банк биносига зарар етказган. Шунингдек, 3 тиббиёт маскани, 10 давлат муассасаси, 48 ўт ўчириш машинаси, 42 автобус ва тез ёрдам машинаси, 24 хонадон вайрон қилинган.

Ҳукумат ҳолатни террор ҳаракати сифатида баҳолади. 10 январь куни Дональд Трамп "Эрон раҳбариятига қарши давом этаётган, сўнгги уч йилдаги энг йирик оммавий норозилик намойиши"га изоҳ бериб, АҚШ намойишчиларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.      

11 январда парламент спикери Муҳаммад Багир Ғолибоф "агар Қўшма Штатлар мамлакатга зарба берса, Америка кучлари ва Исроил “қонуний нишон” бўлишидан огоҳлантирди.     

Миллий полиция бошлиғи Аҳмад-Ризо Радон айтишича, бир кеча-кундузда қўзғолоннинг асосий иштирокчилари ҳисоблаганлар ҳибсга олинган.

                                                                                              Г.Сатторова, ЎзА