Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Петербург халқаро юридик форуми: янги даврда адлиянинг рақамли қиёфаси
13:36 / 2021-05-20

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов Петербург халқаро юридик форумида иштирок этмоқда.

«Ҳуқуқ билан вакцина қилиш», деб номланган форум доирасида «Янги даврда адлиянинг рақамли қиёфаси» мавзусида адлия вазирларининг онлайн ва офлайн йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон, Россия, Арманистон, Озарбайжон, Беларус, Қозоғистон, Кипр, ХХР, Мўғулистон, Сингапур адлия вазирлари иштирок этди.

Йиғилишда Р.Давлетов ўз маърузаси билан иштирок этиб, Ўзбекистон Адлия вазирлиги рақамлаштириш масалаларида ўзи учун учта муҳим йўналишни белгилаб олгани, булар – тартибга солиш муҳитини салмоқли равишда ислоҳ қилиш, виртуаллик ва очиқлик эканини қайд этди.

Адлия вазири хорижлик ҳамкасбларига сўнгги икки йилда «тартибга солиш гильотинаси» усули ёрдамида амалдаги ҳуқуқий база 10 фоизга мақбуллаштирилгани, 3 мингдан ортиқ қонуности ҳужжатлар бекор қилингани, қонунчиликнинг 60 тармоғи бўйича 15 мингта ҳуқуқий ҳужжатни консолидация қилиш бўйича ишлар амалга оширилгани ҳақида маълумот берди.

Давлат органлари томонидан 18 турдаги маълумотномани талаб қилишнинг бекор қилиниши ҳар йили қарийб 15 миллион доллар маблағни иқтисод қилиш имконини бериб, 12 миллион нафар фуқаронинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан бошқариладиган “License” тизими туфайли лицензия бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари электрон шаклга ўтказилди. Лицензиялар ва рухсатномаларнинг махсус бланкаларда расмийлаштирилишидан воз кечилиши ва электрон ҳужжатлар беришга тўлиқ ўтилиши натижасида 1,5 миллион доллардан зиёд маблағ, шунингдек, 3,5 миллион варақ қоғоз, бундан ташқари, рақамли ечимларни жорий этиш ҳисобига Адлия вазирлиги томонидан ўтган йили 100 тонна қоғоз иқтисод қилинди.

Маълум қилинишича, «Виртуал адлия» тизимини яратиш устида олиб борилаётган ишлар давом эттирилади. Бугунги кунда Адлия вазирлиги қарийб 50 та йирик ахборот тизими фаолият юритишини таъминламоқда.

Шунингдек, интеллектуал мулкнинг ишончли ҳимояси, адлия органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, юридик кадрларни тайёрлаш тизимини рақамлаштириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Адлия иш бошлаган яна бир халқаро аҳамиятга молик алоҳида йўналиш бу ахборот алмашиш учун МДҲнинг Ягона электрон платформасини яратиш масаласидир.

Маълумот учун: 2020 йил декабрь ойида бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан маълумот алмашиш учун МДҲнинг ягона электрон платформасини яратиш ташаббуси илгари сурилган эди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Адлия вазирлиги платформани яратиш бўйича концепция лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳозирги вақтда ҳужжат кўриб чиқиш учун МДҲга аъзо давлатлар ҳукуматларига киритилган.

ЎзА