English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Петер Сийярто: Ўзбекистон – Венгрия ҳамкорлиги ривожланишнинг юқори босқичида
23:02 / 2022-05-04

ЎзА аввал хабар берганидек, мамлакатимизга ташриф билан келган Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто бугун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида ҳам бўлди. Айни пайт мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси раҳбари вазифасини бажараётган Владимир Норов билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг жаноб Сийярто маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью бераркан, Ўзбекистон - Венгрия муносабатининг жорий ҳолатига батафсил тўхталди:

- Ўзбекистон - Венгрия кенг кўламли шериклиги, айниқса, сўнгги йилларда юқори босқичга кўтарилди. Таъкидлаш керак, ўтган йил март ойида Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида икки томонлама ҳамкорлик декларацияси имзоланган.

Мамлакатларимиз ўртасида фармацевтика, таълим, савдо-иқтисодиёт ва қишлоқ ҳўжалиги соҳаларидаги алоқа жадал ривожланаётгани эътирофга сазовор. Масалан, қишлоқ ҳўжалиги соҳасида, жумладан, сув бошқаруви ва суғориш тизимини ривожлантириш, ирригация фаолиятини модернизация қилиш учун Ўзбекистонга Венгрия технологияси жорий этилади. Бундан ташқари, жорий йил ўзаро савдо ҳажмини 48 фоиз ошириш мақсад қилинган.

Венгрияда фармацевтика саноати жуда ривожланган, мамлакатимиз дори-дармон экспорти бўйича дунёда ўн тўққизинчи ўринни банд этган. Биз Марказий Осиё бозорида улушимизни оширишдан яхшигина манфаатдормиз. Минтақага фармацевтика маҳсулотлари етказиб беришда эса Ўзбекистоннинг ўрни алоҳида. Республикада Венгриянинг экспорт салоҳияти юқори, йирик фармацевтика компаниялари фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, бошқа кўплаб хусусий корхоналар ҳам ишлаб чиқариш йўналишида мамлакатингизга сармоя киритишга тайёр. Келгусида бир қатор шундай лойиҳалар устида жиддий ишлаймиз.

Қайд этиш жоиз, айни пайт олий таълим, чегарани қўриқлаш, қишлоқ хўжалиги йўналишларида ҳам стратегик шериклик янги босқичга кўтарилган. Ўзбекистонлик 25 нафар қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассиси Венгрияда тажриба алмашинуви дастурида иштирок этаётгани фикримизга яққол мисол бўла олади.

ЎзА мухбири Ғайрат ХОННАЗАРОВ ёзиб олди.