Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пешқадам фермерлар сони ортмоқда
12:57 / 2022-09-14

Бухоро вилояти Ромитан туманида 10 минг 913 гектар майдонда пахта етиштирилиб, 42 минг тоннадан зиёд хирмон барпо этиш режалаштирилган.

Туманда масъулияти чекланган жамияти шаклидаги 2 та пахта-тўқимачилик кластери – “BCT Cluster Agrokompleks” ва “WBM Romitex” фаолият юритмоқда. Етиштирилаётган “оқ олтин” майдонининг 6 минг 499 гектари “BCT Cluster Agrokompleks” таркибидаги 7 та агроучасткага бўлинган. Кўп тармоқли бу кластер томонидан жорий йилда 25 минг тоннадан ошириб пахта тайёрланиши кўзда тутилган.  

“WBM Romitex” MЧЖга 251 та фермер хўжалиги бириккан бўлиб 4 минг 414 гектар ерда пахта етиштирилмоқда. Пахта-тўқимачилик кластери 17 минг тонналик “оқ олтин” хирмонини яратиш ниятида.   Жорий йил пахта ҳосилини нест-нобуд қилмай, уюшқоқлик билан йиғиб-териб олиш мақсадида туманда пахта отряд усулида терилмоқда. Бунинг учун ҳудуддаги фермер хўжаликлари ишчилари ва кўнгиллилардан иборат 285 та терим отряди шакллантирилган.  

– Бир кунда 150-170 килограмм пахта теряпман,  – дейди уй бекаси Тожигул Норова. – Тераётган пахтамизнинг пулини вақтида оляпмиз. Ундан ташқари, теримчилар учун далада барча шарт-шароит ҳозирланиб, иссиқ овқат ташкил қилинган. Қимматбаҳо совғалар эса бизни янада теримга чаққонроқ бўлишга ундамоқда.  

Ўтган ҳафта давомида ҳудудда барпо қилинган “оқ олтин” хирмони 3 минг тоннага яқинлашди. Бунда хўжаликларда жонбозлик кўрсатаётган қарийб 10 мингга яқин теримчи–ҳашарчининг катта ҳиссаси бор, албатта. Фермер хўжаликлари ва агроучасткалар масъуллари бошчилигида теримчилар учун далада барча шарт-шароит ҳозирланиб, иссиқ овқат ташкил қилинган. 

Тумандаги ўндан ортиқ фермер хўжалиги жамоаси пахтачиликда давлат шартнома режасини уддалади. Жумладан, “Хосият биби замини”, “Козимбобо”, “Зафар”, “Сангзамбург файз”, “Варахшо узум экспорт”, “Саидбек Қўрғон замини”, “Бахтиёр”, “Тойир бобо”, “Самандаробод”, “Деҳқонобод”, “Нурмуҳаммадобод” каби фермер хўжаликлари умумий хирмони 500 тоннадан зиёд ва уларда гектарлар ҳосилдорлиги ўртача 40 центнер атрофида.  

Масалан, “Варахшо узум экспорт” фермер хўжалигини олсак 37 гектарда саноат учун қимматбаҳо хом ашё етиштирган жамоа хирмони бугун 116 тоннага етди. Худди шундай “Бахтиёр” фермер хўжалиги тасарруфидаги 10 гектар ердан 47 тонна, “Козимбобо” фермер хўжалиги 15 гектар пахтазордан 64 тонна, “Саидбек Қўрғон замини” фермер хўжалиги 6 гектардан 25 тонналик “оқ олтин” хирмонини барпо этиб, пешқадамлар сафида бормоқда. 

 
Зариф Комилов, ЎзА