Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пешкулик илғор ва ташаббускор пиллакорлар вилоятда биринчи бўлиб, пилла топширишни бошлади
22:35 / 2021-05-22

Бухоро вилояти Пешку тумани энг илғор ва ташаббускор пиллакорлари вилоятда биринчилардан бўлиб, мавсумий юмуш – пилла топширишни бошлаб берди.

Туманда жорий йилда 2 минг 659 қути ипак қурти уруғлари боқилиши кўзда тутилган. Шундан биринчи мавсумда 2 минг 127 қути ипак қурти парваришланди. “Bukhara Brilliant Silk” қўшма корхонаси билан қарийб 150 тонна пилла шартномаси тузилган. Шундан 60 тонна пилла фермер хўжаликлари, 90 тонна касаначиларга белгиланган. Бунинг учун мавсум олдидан мавжуд тут плантацияларини бутлаш ишлари амалга оширилди. Фермер хўжаликлари ва касаначилар билан белгиланган тартибда меҳнат шартномалари имзоланди.

“Bukhara Brilliant Silk” қўшма корхонасига қарашли Пешку пилла қабул қилиш масканида вилоят ҳокими Ботир Зарипов, секторлар раҳбарлари, пиллакорлар пилла топширишда қатнашди.

Вилоят раҳбари қимматбаҳо хомашёни етиштиришнинг машаққатлари, соҳага давлатимиз раҳбарияти томонидан қаратилаётган эътибор хусусида тўхталди. Мавсумда биринчи бўлиб, “кумуш тола” етиштириб топширган пиллакорлар совғалар билан тақдирланди.

– 50 йилдан бери шу юмуш билан шуғулланиб келаман, – дейди Чоробод қишлоғилик Саида Бобожонова. – Бу йил 3 нафар келиним билан 3 қути пилла қурти олиб боққандик. Шартнома режамиз 180 килограмм эди. Қуртларни яхши парвариш қилдик. Тут барги билан озиқлантиришни мунтазам ошириб бордик. Ҳатто, ярим тунда ҳам озиқлантиришни давом эттирдик. Натижа эса кутилганидан ҳам зиёда бўлди. Режани ортиғи билан бажардик. Юзимиз ёруғ бўлди. Бундан ташқари, бир ойлик фаолияти учун келинларимга бир йиллик меҳнат стажи ёзилди. Албатта, олинган даромад рўзғоримиз тўкинлигига хизмат қилади. Хуллас, пиллачилик билан шуғулланиб ҳам меҳнат стажи кетяпти ҳам яхшигина даромад оляпмиз.

Пилла қурти боқиш орқали хонадон эгаларига 1 қути ипак қурти учун олдиндан бир қопдан олий навли ун, 10 кг ўсимлик ёғи, 100 минг сўмдан аванс маблағи бериляпти. Шартнома режасидан ташқари хирмонга топширилган ҳар бир килограмм учун 30 минг сўмдан тўлов қилинмоқда.

Бухоролик пиллакорлар жорий йилда 42 минг 36 қути ипак қурти уруғларини парваришлаб, 2 минг 354 тонна “кумуш тола” етиштиришни мақсад қилган.

Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА