Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пешкуда 131 та кўприкдан 48 таси қайта қуриш ва таъмирталаб ҳолатида
09:19 / 2021-12-02

Маълумотларга кўра, юртимизда 2021 йил 1 март ҳолатига 14 минг 755 та кўприк иншоотлари мавжуд. Жумладан, Пешку туманида 131 та кўприк мавжуд бўлиб, шундан 48 таси қайта қуриш ва таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Шу боис, ҳудудда кўприк қуриш ва таъмирлаш ишлари шиддат билан давом этмоқда. 2022 йилда 11 та кўприк, кейинги йилларда эса қолган кўприклар тизимли равишда қайта қурилган ҳолда таъмирланади. Айни вақтда бир қатор кўприклар қайта қурилган ва таъмирланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Таваккал Чориев Пешку туманидаги фаолияти давомида бир қатор кўприкларни кўздан кечирди.  Хусусан, “Навоий” МФЙ ҳудудидаги, “Варахшо” чўл саҳросида жойлашган 2-зовур устидаги, “Қучоқ” МФЙ ҳудудидаги ҳамда Пешку ва Вобкент тумани ҳудудлари оралиғида жойлашган кўприкларга бориб, уларнинг ҳолати билан яқиндан танишди.

Депутатнинг айтишича, кўприкларни қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари жорий йил якунига қадар ниҳоясига етади. Ушбу ишлар келгуси йилдан янги режа асосида изчил ва тизимли давом эттирилади. Натижада тўрт-беш йилда туман ҳудудидаги барча кўприклар қайта қурилади ва таъмирланади.

Дарҳақиқат, халқимиз азалдан йўл қурган, кўприк созлаган кишиларни алоҳида ҳурмат-иззат қилган, эъзозлаган. Янги йўл ва кўприк барпо этишнинг савоби катта, дейишади. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, йўл ва кўприк орқали аҳолининг узоғи яқин, мушкули осон бўлади.

Депутатнинг туман аҳолиси билан учрашув ва мулоқотлари давом этмоқда.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА