"Pesh Tex Invest" корхонасида 1 минг 80 нафар ёш бандлиги таъминланади
Яқинда вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров мазкур объектда бўлиб, “Pesh Tex Invest” МЧЖдаги қурилиш жараёни билан яқиндан танишган эди.
Президентимизнинг 2017 йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижроси юзасидан Пешку туманида йилига 5,5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган “Pesh Tex Invest” тўқимачилик мажмуасини барпо этишга қарор қилинган эди.
– “Pesh Tex Invest” масъулияти чекланган жамиятига 9 гектар ер майдони ажратилди, – дейди инвестор Анвар Каримов. – Ажратилган ер майдонининг 7 гектарида бино-иншоотларни қуриш белгиланган. Мазкур объект тўлиқ қувват билан ишга тушса, пешкулик ёшларнинг 1 минг 80 нафари муқим иш ўрнига эга бўлади. Корхона Хитой билан ҳамкорликда фаолият олиб боради. Бу ерда пахтанинг 7 хил навидан маҳсулот тайёрланади.
– Айни кунда қурилиш ишлари давом этмоқда, – дейди корхонанинг қурилиш бригадаси раҳбари Фарҳод Бўронов. – 15 йил олдин бу ерда туманнинг пахта пункти бўлган. У ёпилгач, ташландиқ аҳволга келган. Маҳаллий аҳоли эса ишсиз қолган. Айни пайтда улкан корхонанинг бунёд этилишига гувоҳ бўлиб турибмиз. Мазкур объект фойдаланишга топширилса, Зандани маҳалласи ёшлари, айниқса аёллар бандлиги таъминланади.
Яқинда вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров мазкур объектда бўлиб, “Pesh Tex Invest” МЧЖдаги қурилиш жараёни билан яқиндан танишган эди. Унда корхонадаги мавжуд муаммолар ўрганилиб, ечими борасида тегишли вазифалар белгиланди. Ҳудуд инфратузилмасини янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ишлаб чиқариш иншоотини тезроқ ва сифатли бунёд этиш учун мутасаддиларга бор имкониятни ишга солиш зарурлиги таъкидланди.