Археологлар Перу шимолидаги Барранка провинциясида қадимий шаҳар қолдиқлари топилганини маълум қилди.
“Пенико” деб номланган 3500 йиллик шаҳар Тинч океани қирғоқларида яшаган жамоаларни Анд тоғлари ва Амазонка ҳавзасида яшовчилар билан боғлаган асосий савдо маркази бўлиб хизмат қилган, деб тахмин қилинмоқда.

Олимларнинг фикрича, Лима шаҳридан 200 км шимолдаги бу жой денгиз сатҳидан тахминан 600 метр (1970 фут) баландликда жойлашган ва милоддан аввалги 1800-1500 йиллар орасида Яқин Шарқ ва Осиёда илк цивилизациялар гуллаб-яшнаган бир вақтда ташкил этилган.
Қадимда ушбу шаҳарнинг ривожланишига ёрқин қизил рангга эга минерал модда савдоси туртки берган. Бу минерал керамик буюмлар, ғор суратлари ва диний маросимларда инсон танасига белгилар тушириш учун ишлатилган.
Эълон қилинган дрон тасвирларида шаҳар айлана шаклида эканлиги маълум бўлади, унинг атрофи тош ва лойдан ясалган бинолар қолдиқлари билан ўралган.

Саккиз йиллик тадқиқотлар натижасида 18 та иншоот, жумладан, ҳашаматли ибодатхоналар ва турар-жой мажмуалари аниқланди. Шунингдек, қазишма ишлари натижасида маросим буюмлари, одам ва ҳайвонларнинг лойдан ясалган ҳайкаллари, мунчоқ ва денгиз чиғаноқларидан ясалган маржонлар топилган.
Тадқиқотчилар қадимий шаҳар аҳолиси 5000 йил аввал ривожланган Америка қитъасидаги энг қадимги Карал цивилизацияси билан боғлиқ, деб фараз қилмоқда. Уларнинг айтишича, мазкур шаҳарнинг топилиши Жанубий Америка тарихини янада чуқурроқ ўрганиш учун калит бўлади.
Ў.Алимов, ЎзА