Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Перинатал тиббиёт: долзарб вазифалар ва истиқболлар муҳокамаси
12:05 / 2025-09-22

Андижон давлат тиббиёт институтида “Ўзбекистонда перинатал тиббиёт: бугун ва эртага” мавзусида икки кунлик халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, “Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази” давлат муассасаси, Андижон давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, тиббиёт тизимида фаолият олиб бораётган илмий марказлар мутахассислари, юртимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, хорижлик олимлар, ёш шифокорлар, иқтидорли талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Анжуман ялпи мажлисини институт ректори, профессор Мадаминжон Мадазимов очиб берди. 

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, юртимизда, хусусан, Андижон вилоятида кейинги беш йил ичида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўлами бир неча баробар ортганлиги, тиббиёт муассасалари биноларини мослаштириш, зарур жиҳоз ва аппаратлар билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини қайд этди. Перинатал тиббиётни янада юқори босқичга кўтариш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш мавзусидаги анжуман ишига муваффақият тилади. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худояров онлайн тарзда анжуман қатнашчиларига табрик йўллади. Вазир кейинги йилларда мамлакатимизда перинатал тиббиёт тизими янги, янада юқори босқичга кўтарилганлиги, айниқса, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соҳа ходимларининг билим ва малакасини ошириш, хасталикларнинг олдини олиш ва даволашга илмий ёндашиш масалалари давлатимиз сиёсатининг, юртимиз тиббиётининг устувор йўналишларидан бирига айланганлигини таъкидлади. 

Шундан сўнг анжуман ўз ишини секциялар доирасида давом эттирди. 

[gallery-25394]

– Анжуманинг асосий мақсади оналик ва болалик соҳасидаги илғор халқаро тажриба ҳамда профилактика, диагностика ва даволашнинг самарали усулларини амалиётга жорий этиш, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти ректори, профессор Мадаминжон Мадазимов. – Қолаверса, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишда замонавий ёндашувларни ривожлантириш, бу борадаги халқаро тажрибаларни ўрганиш, соҳа ходимларининг билим ва малакасини юксалтиришга кўмаклашишдан иборат. 

Анжуманда перинатал тиббиётнинг асосий йўналишлари – ҳомиладорликдан олдинги тайёргарлик ва ҳомиладорлик асоратлари диагностикаси, репродуктив тиббиёт ва неонтология, оғир акушерлик ва неонатал вазиятлар, ҳомиладорликни бошқариш, шунингдек, репродуктив ва онкологик касалликларнинг олдини олиш, мазкур йўналишда тиббий бошқарув ва тиббий ёрдам сифати масалалари, бу борадаги ютуқ ва муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. 

Секциялар доирасида ўқув семинари, мунозара, муҳокама, тақдимот ва тажриба алмашиш шаклида ўтказилган йиғилишларда юртимизда иш олиб бораётган, шунингдек, хорижий давлатлардан ташриф буюрган олимлар, мутахассислар томонидан мавзулар бўйича 100 га яқин маърузалар ўқилди. 

Маърузалар доирасида замонавий гинекологиядаги қатор долзарб масалалар муҳокама этилди. Жумладан, превентив тиббиётни ривожлантириш, перинатал гипертензия, акушерлик ва гинекология соҳаларидаги сўнгги ютуқлар, вирусларнинг репродуктив саломатликка таъсири, ҳомила ҳимоясининг долзарб муаммолари, гинекологик касалликларни эрта ташхислаш ва самарали даволаш масалалари муҳокама қилинди. 

Шу билан бирга, перинатал ёрдамни ташкил этиш ва унинг сифатини ошириш, перинатал скрининг ҳамда туғма касалликларни барвақт аниқлаш истиқболлари, Ўзбекистонда неонатал скрининг тизимини янада ривожлантириш борасидаги режа ва таклифлар атрофлича кўриб чиқилди. 

Мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва жорий этиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро илмий-амалий анжуманда Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон республикаларидан 20 нафарга яқин олим ва мутахассислар илмий маърузалари билан иштирок этди, илғор тажрибалари билан  ўртоқлашди.

– Кейинги йилларда Ўзбекистонда перинатал тиббиётни ривожлантириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш борасида нафақат эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда, балки илғор тажрибалар шаклланди, – дейди “Oncopatrul/ZhenProsvet” Бутунроссия таълим лойиҳаси раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Светлана Роговская. – Хусусан, ҳомиладорлик билан боғлиқ, шунингдек, репродуктив, онкологик касалликларнинг олдини олиш, касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволашда салмоқли натижаларга эришилганлигини кузатиш мумкин.   

Секция машғулотлари доирасида муҳокамалар, савол-жавоблар бўлиб ўтди. Шунингдек, профессорлар, малакали мутахассислар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. 

Ҳар томонлама самарали ва мазмунли ўтган мазкур анжуман перинатал тиббиётни ривожлантириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш, истиқболдаги устувор вазифаларни белгилаб олиш, шунингдек, мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашиши, билим ва малакасини ошириш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Ф. Убайдуллаев, 

З. Умрзоқов (сурат),

ЎзА мухбирлари