Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пьер фон Аркс: Ўзбекистон ЕХҲТ таркибидаги энг фаол давлатлардан бири
09:10 / 2022-01-30

30 январь – Ўзбекистон Республикаси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)га қабул қилинган кун. Бу воқеа роппа-роса 30 йил олдин юз берган эди. Тарихий сана муносабати билан ЎзА мухбири мазкур нуфузли тузилманинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори, Элчи, доктор Пьер фон Аркс билан суҳбатлашди.

– Жаноб элчи! Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлганига 30 йил тўлди. Бу қисқа муддат эмас. Сизнингча, ўтган давр мобайнида қайси йўналишларда ҳамкорлик устувор аҳамият касб этди?

– Сўзим бошида Ўзбекистон Республикаси давлат раҳбарияти, шу жумладан фуқароларини мамлакатнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)га аъзо бўлганига 30 йил тўлгани муносабати билан қутламоқчиман. Шунингдек, маҳаллий ҳокимият ва фуқаролик жамияти билан яхши ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунлик ҳис этаман. Жамоамиз учун шундай қулай муҳитда ишлаш шараф.

ЕХҲТ дунёдаги энг йирик минтақавий хавфсизлик ташкилоти бўлиб, ҳамкорлик орқали хавфсизликни ривожлантиришга хизмат қилади. Ташкилотнинг хавфсизликка кенг қамровли ёндашуви, асосан, сиёсий-ҳарбий ва трансмиллий таҳдидларнинг олдини олиш, иқтисодий ва экологик хавфсизлик, гуманитар, инсон ҳуқуқлари соҳаларида ҳамкорлик қилишдан иборат.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилаётган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ташкилотимиз тамойиллари ва мажбуриятларига ҳар тарафлама мос келади. Бу Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам беради, албатта.

Таъкидлаш жоиз, ЕХҲТ томонидан амалга ошириладиган ишлар ташкилотга аъзо мамлакатлар таклифига биноан мувофиқлаштирилади. Шундай экан, Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори мамлакатнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда миллий стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўлида хизмат қилади.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ваколатхонаси (PCUz office) ҳукумат билан яқин алоқада ишлайди. Бизнинг асосий ҳамкоримиз - Ташқи ишлар вазирлиги. Хуллас, Тошкентдаги ваколатхонамиз фаолиятини мамлакатингиз билан ҳамкорликни кенгайтириш ва кўмаклашиш платформаси сифатида қабул қилиш мумкин.

– Айни пайт ЕХҲТ мамлакатимизда қандай лойиҳаларни амалга оширмоқда ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболи тўғрисида нима дея оласиз?

– Ўзбекистон ташкилотга аъзо 57 давлат ичида энг фаоллардан. Мамлакат ҳукумати ва фуқаролик жамияти нафақат координатор, балки тузилманинг Вена шаҳрида жойлашган котибияти, шунингдек, ЕХҲТнинг Парламент Ассамблеяси (ПА), Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ), Миллий озчиликни ташкил этувчи масалари бўйича Олий комиссар (МОМК) ва ОАВ эркинлиги бўйича вакил (МЕВ) каби институтлари билан ҳам яқин ҳамкор. Шериклик бўлиб ўтган олий даражадаги ташрифлар билан мустаҳкамланди, десак тўғри бўлади.

Мамлакатингиз ташкилот доирасида ўтказиладиган форумларда фаол иштирок этади. Бу Ўзбекистоннинг кўп томонлама дипломатияга катта аҳамият беришини, шу тариқа ЕХҲТ минтақасида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликка ҳисса қўшишини кўрсатади.

Келгусидаги ҳамкорлик истиқболи эса умидбахш. Биз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, сайлов тизими ва инсон ҳуқуқларини юксалтириш, қийноқларнинг олдини олиш борасида қатор ташкилотлар билан биргаликда иш олиб боряпмиз. Ногиронлар ҳуқуқини, аёлларнинг сиёсий ва иқтисодий ҳаётдаги иштирокини рағбатлантириш, коррупцияга қарши курашда самарали бошқарувни кучайтириш ва мамлакатнинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Қолаверса, экологик хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳам фаолиятимизнинг бир қисми.

Биз ҳукуматга терроризмнинг олдини олиш ва мазкур иллатга қарши курашиш, кибер хавфсизлик салоҳиятини ошириш, ички ишлар фаолияти ва хавфсизлик секторини бошқаришни ривожлантириш, шу орқали хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшиш борасида кўмаклашамиз.

– Сизнинг Ўзбекистондаги фаолиятингиз пандемия даврига тўғри келди. Ташқи меҳнат миграцияси ва мигрантлар реинтеграцияси масаласи бўйича умумий қиймати 250 минг еврони ташкил этувчи лойиҳалар юзасидан 2022 йилда қандай ишлар амалга оширилиши кутиляпти?

– Пандемия одамлар турмушига, жамият ҳаётига жиддий таъсир қиляпти. Коронавирус туфайли бутун дунё иқтисодиёти, маълум маънода, издан чиқди. Меҳнат мигрантлари шу даврда энг кўп зарар кўрган қатлам ҳисобланади. Жумладан, Ўзбекистон фуқароларининг ҳам кўпчилиги Ватанга қайтиш имкони йўқлиги, иш жойини йўқотиш хавфи ва янги иш топиш муаммоси ортидан турли қийинчиликларга дуч келди. Вазиятни юмшатиш мақсадида ваколатхонамиз мигрантларга ёрдам бериш бўйича бир неча ташаббусни илгари сурди.

Хусусан, ҳамкорликда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги расмий веб-сайтида веб-портал ва мобил илова кўринишидаги онлайн маслаҳат платформаси ишга туширилди. Юзлаб меҳнат мигрантлари керакли ҳуқуқий, ижтимоий ёрдам, ахборот ёки маслаҳат сўраб платформага мурожаат қила бошлади. Бугунги кунда платформа орқали минглаб фуқароларга мутахассис маслаҳати, юридик ҳамда иш билан таъминлаш бўйича маълумот берилмоқда. Бу жараён 2022 йилда ҳам тизимли давом этади.

Лойиҳалар координатори офиси, шунингдек, мамлакатга қайтиб келган муҳожирларнинг касбий ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш мақсадида ўқув курслари ташкил қилади. Жорий йил мигрант аёлларга кўпроқ эътибор қаратамиз.

- Ўзбекистон кейинги йилларда хорижий давлатлар билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга, мамлакатда туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор беряпти. Бу жараёнда ЕХҲТнинг иштироки нечоғли?

– Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан дўстона алоқа ўрнатиш, миллий ва минтақавий иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракати таҳсинга сазовор. Ҳукумат Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликка ҳисса қўшаётгани ҳақиқат. Демак, мамлакат Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлари билан фахрланса арзийди.

Республиканинг салоҳияти юқори. Айниқса, туризм соҳасини ривожлантириш ва хорижий мамлакатлар билан маданий алоқани мустаҳкамлашга алоҳида урғу бериляпти. Бу борада ЕХҲТ Ўзбекистонни муҳим конвенцияларга, жумладан, гуманитар соҳада ёки суд-ҳуқуқ йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш ва халқаро ҳамжамиятга оид ташаббусларга қўшилишда қўллаб-қувватлайди.

Шу билан бирга яшил иқтисодиёт ва экология соҳаларидаги лойиҳаларимиз Ўзбекистондаги экологик муҳитни яхшилаш, замонавий туризмни ривожлантиришга ёрдам беради. Кўплаб кичик ва ўрта корхоналар туризмдан фойда кўради.

Афғонистон билан чегарадошлигимизни ҳисобга олган ҳолда давлатимиз раҳбариятининг минтақада хавфсизликни таъминлаш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатларини қандай баҳолайсиз?

– 2016 йилдан буён Ўзбекистон раҳбарияти Марказий Осиёда дўстона алоқа ўрнатиш ва хавфсизликни кучайтириш, минтақа барқарорлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб келмоқда. Айни йўналишда муҳим қадамлар ташланган. Афғонистон билан конструктив муносабатни йўлга қўйиш, жумладан, иқтисодий алоқалар ва хавфсизликни кучайтириш бўйича муҳим чора-тадбирлар ишлаб чиқишда прагматик йўл танланган. Республика ўзини афғон халқи учун, айниқса, инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш бўйича муҳим ҳамкор деб билади. Бу борада Термиз шаҳри халқаро марказга айланган. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда муҳим роль ўйнайди. 

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ташқи сиёсат Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистонда барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик муҳитини яратишда устуворлик касб этяпти. Ўзбекистон минтақада фаол ҳамкорга айланди, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан икки томонлама алоқалар йўлга қўйилди. 

Шуларни инобатга олиб, ташкилотимиз иқтисодий алоқаларни яхшилаш, чегара хавфсизлигини ошириш ва савдони осонлаштириш, халқаро тадбирларни ташкил этишга, қолаверса, Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга бор эътиборини қаратади.

- Ўқувчиларимизга миссиянгиз давомида диёримизнинг қайси ҳудудларига ташриф буюрганингиз, умуман, юртимиз, халқимиз Сизда қандай таассурот қолдираётгани ҳам қизиқ...   

 – Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги кўплаб маданиятлар чорраҳасида жойлашган бой маданий меросга эга давлат. Бу эса мамлакатнинг ривожланиши, халқнинг хулқ-атвори шаклланишига бевосита таъсир ўтказган. Турли динга мансуб жамоалар ва асрлар давомида тотувликда яшаб келаётган этник элатлар ўртасида ўзим гувоҳи бўлган бағри кенглик ва очиқликни чуқур ҳурмат билан эътироф этаман. Одамлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат таҳсинга сазовор. Осойишталикка чанқоқлик туфайли бўлса керак, Тошкент шаҳри йирик тинчлик шартномаларни имзолаш, кўплаб халқаро тадбирларни ўтказишда мезбонлик қиляпти.

Мамлакатдаги тинчлик, санъат ва тараққиёт мужассамлиги, мумтоз ва замонавий маданият уйғунлиги халқнинг меҳмондўстлиги, меҳр-оқибати инъикоси бўлса керак. Биласизми, мен бу юртда мудом ижобий энергия ҳис қиламан. Ҳамиша одамлар билан мулоқот қилишни, уларнинг тажрибасини ўзлаштиришни истайман. Фуқароларнинг етуклиги – бой дунёвий маданиятнинг натижаси, деб биламан.

Ўзбекистон кўп миллатли, кўп динли ва бой маданиятли мамлакат. Ўйлайманки, келажакда республика минтақавий ва глобал миқёсда янада муҳим ўрин эгаллайди. Юксак тараққиёт йўли эса анъаналарни сақлаган ҳолда тинчлик ва фаровонлик сари етаклашига ишонаман.

- Сермазмун суҳбат, батафсил маълумотлар ва қимматли фикр-мулоҳазаларингиз учун ташаккур! Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА жамоаси номидан шарафли ва масъулиятли ишингизда муваффақият тилаб қоламиз.

ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев суҳбатлашди.