АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсетнинг фикрича, Қўшма Штатлар кемасозлик соҳасида Хитойга ютқазмоқда, саноатдаги тизимли муаммолар туфайли денгиздаги устунлигини йўқотмоқда.
Шунингдек у мамлакатда саноат захираси камайиб бораётгани, ишлаб чиқариш қуввати етишмаслигини қўшимча қилган.
– Кема қуришда ютқазяпмиз – ҳам сиғим, ҳам сон бўйича, Хитойнинг бу борадаги қуввати биздан 230 баробар кўп, – деди Хегсет Вакиллар палатаси Қуролли кучлар қўмитаси тингловида. – Чин ҳарбий кемаларининг 70 фоизи 2010 йилдан кейин сувга туширилган, АҚШда эса айни миқдор бор-йўғи 23 фоиз. Шу билан бирга давлатимизнинг сувдаги устунлиги ўнлаб йиллар давомида саноатсизлаштириш, кемани ясаш ва таъмирлаш қуввати ҳарбий ва тижорат нуқтаи назаридан қисқариши туфайли тезлик билан бой берилмоқда. Кемасозлик денгиз флоти, Президент Трамп ва шахсан мен учун биринчи рақамли устувор вазифа. Биз солиқ тўловчиларнинг миллиардлаб доллар пулини энди кечикиш ва сиғим етишмаслиги учун сарфлай олмаймиз.
Шунингдек, мулозим мамлакат Ҳарбий-денгиз кучларининг мақсади флот таркибини 381 кемага етказиш экани, ҳозир эса захира 300 дан пастлигини таъкидлаб, уруш шароитида бу ҳалокатли оқибатга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
С.Раҳимов, ЎзА